Жаҳон | 19:05 / 20.07.2016
6046
3 дақиқада ўқилади

Хитойда 5 йил ичида вазир ўринбосари ва ундан юқори лавозимдаги 60 шахсга айблов эълон қилинди

Фото: © Fotolia

Хитой прокуратураси ўтган 5 йил ичида вазир ўринбосари ва ундан юқори лавозимдаги 60 шахсга айблов эълон қилди, деб айтилмоқда Хитой Олий халқ прокуратураси хабарида. 

Ўтган 5 йил ичида Хитой прокуратураси ҳаммаси бўлиб  вазир ўринбосари ва ундан юқори лавозимдаги шахсларга лавозим билан боғлиқ жиноятлар бўйича 98 та жиноий иш очди. Прокуратура маълумотларига кўра, бундай шахсларнинг ноқонуний фаолияти натижасида мамлакатга солинган умумий иқтисодий зиён 48,7 млрд юанни (7,3 млрд доллар) ташкил қилган.   

Хитой Олий халқ прокуратураси март ойида Хитой ҳукумати томонидан 2015 йилда вазирлик ва ундан юқори даражадаги 22 мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилганини маълум қилган. Яна 41 мансабдор шахсга нисбатан тергов бошланган.   

Айблов эълон қилинган мансабдор шахслар орасида Хитой жамоатчилик хавфсизлигининг собиқ вазири Чжоу Юнкан ҳам бор. У вазирликни 2002 йилдан 2007 йилгача бошқарган, 2007-2012 йилларда Хитой Коммунистик партияси марказий қўмитаси сиёсий бюроси 17-чақириқ доимий қўмитасининг аъзоси бўлган.    

Прокуратура собиқ вазирга нисбатан 2014 йил декабрда тергов бошлаган ва уни ҳибсга олишга қарор қилган. Шу йилнинг мартида Хитой ҳукумати Юнкан ва унинг атрофидаги одамларга тегишли 14,5 млрд долларлик активларни мусодара қилган. Собиқ вазирдан ташқари можарода унинг атрофидаги 300 дан кўпроқ киши – унинг қариндошлари, сиёсий иттифоқдошлари, CNPC нефть-газ корпорацияси ходимлари номи тилга олинган. 2015 йил июнда Юнкан порахўрлик ва давлат сирини атайлаб ошкор қилгани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У барча сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум қилинган, унинг активлари мусодара қилинган.

Хитойда коррупцияга қарши йирик миқёсдаги кураш ҳокимият тепасига Си Цзиньпин келгандан кейин бошланган. Хитой аксилкоррупцион ҳамкорликнинг глобал тармоғини яратмоқчи ва жиноий ишларда халқаро ҳуқуқий ёрдамга тегишли қонунчилик актларини ишлаб чиқиш масаласини кўриб чиқмоқда.