Жаҳон | 16:15 / 20.07.2016
4234
2 дақиқада ўқилади

Хитойда кучли ёмғирлар яна 13 кишини ҳаётдан олиб кетди

Хитойнинг 6та провинциясида кучли ёмғир ёғиши оқибати камида 13 киши ҳалок бўлди, яна 62 киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда China News Service агентлиги хабар бермоқда.

Ноқулай об-ҳаво туфайли хавфнинг энг юқори — «қизил» даражаси эълон қилинган.

18 июлда бошланган ёмғирлар туфайли Хэбэй, Шаньси, Шаньдун, Хэнань, Шэньси ҳамда Ганьсу провинцияларидаги 35 шаҳар ва 131 уезд жабрланган.

Хэбей провинциясининг маъмурий шаҳри – Шицзячжуанда 13та ер ости ўтиш йўллари сув билан тошган. Цисянь уездида 500 миллиметр ёғингарчилик бўлди. Маҳаллий ҳукумат расмийлари аҳолига зарурат бўлмаса кўчага чиқмасликни тавсия қилмоқда. Шунингдек, аҳоли тоғли ҳудудларда ер кўчиши хавфи билан огоҳлантирилди.

Хэбэй провинцияси расмийлари 67,2 мингдан зиёд аҳолини эвакуация қилган. Пекин расмийлари ҳам ёғингарчилик туфайли хавфнинг «сариқ» даражасини эълон қилди.

Табиий офатлар таъсир қилган кишилар сони 1,73 миллион нафардан ортган. 68 минг киши эвакуация қилинган. 1200 мингдан ортиқ бино вайрон бўлган, яна 4,3 минг бино турли даражада талофат кўрган. Мамлакат иқтисодига етказилган зарар 840 млн юанга баҳоланмоқда (126 млн доллар атрофида). 

Ноқулай об-ҳаво пойтахтдаги Шоуду халқаро аэропортининг фаолиятига таъсир кўрсатган. Айни вақтгача 200 авиарейс қолдирилган ёки бутунлай бекор қилинган.

Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатдаги табиий офатлар туфайли ҳалок бўлганлар сони 237 кишини ташкил қилмоқда, яна 93 нафари бедарак кетган деб ҳисобланмоқда.

Маълумот учун, Хитойда табиий офат хавфини огоҳлантиришнинг тўрт даражаси жорий этилган. Унда ўсиб бориш даражасига кўра кўк, сариқ, тўқ сариқ ва қизил ранглар билан белгиланади.