Жаҳон | 16:08 / 21.07.2016
8359
1 дақиқада ўқилади

Истанбулдаги университет ректори қўлга олингач, полиция билан тўқнашув юз берди

Истанбул Тижорат университети ректори Нозим Экренни қўлга олиш учун келган полициячиларни ректорнинг қўриқчилари қурол билан қарши олишди ва қуролли тўқнашув келиб чиқишига бир бахя қолди. Бу ҳақда "Доган" ахборот агентлиги хабар тарқатган.

Хабар қилинишича, бу вақтда осмонга қарата ўқлар узилган. Ўқ овозлари университет ҳудудида ваҳима келтириб чиқарган. Лекин қўшимча кучлар етиб келгач, қуролли тўқнашув бошланиши олди олинган. Ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар йўқлиги айтилган.

Экрен ва унинг икки қўриқчиси махсус хизматлар вакилларига таслим бўлишган ва айни вақтда ҳибсда сақланмоқда.

Ректор 15 июль воқеаларига алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинган.

Муваффақиятсиз чиққан давлат тўнтаришига уринишда гумон қилиниб, шу вақтгача таълим соҳасида ҳам тозалашлар ўтказилиши доирасида 21 мингдан ортиқ киши ишдан четлатилган, ўнлаб деканлар ва ректорлар ишдан олинган.