Жаҳон | 07:32 / 21.07.2016
9250
2 дақиқада ўқилади

LA Times: Трамп АҚШ президенти этиб сайланса, ҳарбий тўнтарув бўлиши эҳтимоли мавжуд

Фото:© EPA

Los Angeles Times газетаси агар республикачи Дональд Трамп АҚШ президенти этиб сайланса, ҳарбий тўнтарув бўлиши эҳтимоли мавжудлиги ҳақида изоҳ ёзди.

"Туркияда яқинда амалга оширилган муваффақиятсиз давлат тўнтарувига уринишга экзотик ташқи сиёсий тарих сифатида қараётганлар бироз тин олиб, агар Дональд Трамп ғалаба қилиб, президент бўлса, бундай барқарорсизлик истиқболи бизнинг давлатда ҳам бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўришлари керак", деб ёзмоқда консерватив мақолачи Жеймс Кирчик.

"Трамп бизнинг ҳарбийларга бирор аҳмоқона, ноқонуний ёки ақлга сиғмайдиган ишни қилишни буюрадиган вазиятни тасаввур қилиб кўринг. Бу вазиятда Конституцияга амал қилиш ва қўмондонликнинг фуқаролик занжирига бўйсунишга қасамёд қиладиган ҳарбийларимиз қонунга амал қилиш ёки қонунни ҳурмат қилмаслигини очиқча ифодалайдиган одамнинг истагини бажариш ўртасида танлашларига тўғри келарди. Улар бемалол биринчисини танлашлари ҳам мумкин", деб айтмоқда Киркич.  

АҚШда республикачилар, айниқса консерватив кайфиятдагилари, Трампнинг рақиби демократ Хиллари Клинтон қонунга беписандлик муносабатда бўлаётганлигига ишончлари комил. Бу фикр ҳозир Кливленддаги Республикачилар партияси қурултойидаги нутқларда мунтазам янграмоқда. Бироқ Кирчикнинг фикрича, айнан Клинтонга "ядровий кодларни қўрқмасдан ишониш" мумкин. Киркич мақоласининг сўнггида Трампни "ҳарбийлардан олдин, сайловчилар тўхтатишлари кераклигини" айтиб ўтди.