Жаҳон | 12:05 / 21.07.2016
8998
3 дақиқада ўқилади

Туркларда ватанпарварлик кучайиши фонида миллий байроқлар савдоси гуллаб-яшнамоқда

Туркиядаги муваффақиятсиз давлат тўнтариши бизнесменларга ёрдам берди. 15 июль воқеаларидан кейин иқтисодиётнинг бир соҳаси гуркирай бошлади.

Кейинги кунларда туркларда ватанпарварлик туйғулари кучайиши ортида миллий байроқларни ишлаб чиқарувчилар тинимсиз меҳнат қилиб, талабни қондиришига тўғри келмоқда.

Эрдўғаннинг ҳукуматни қўллаб-қувватлашга чақириб қилган мурожаатидан кейин халқ кўтарилиб, бир неча соат ичида ҳарбийлар исёни бостирилди. Туркия раҳбари америкапараст Фатҳуллоҳ Гуленни фитна ташкилотчиси сифатида айблади. Айни вақтда мамлакатни "гуленчилар"дан тозалаш ишлари ўтказилмоқда.

"Исён бостирилганидан буён 1,5 миллионта байроқ сотилди. Кейинги кунларда яна 5 миллионта байроқ сотишимиз мумкин", деган байроқ ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Gozde Bayrak фирмаси раҳбари Ўркун Алтер.

"Ўқитувчилар, темирчилар, савдогарлар - бугун барча миллий байроқлари сотиб олишни истамоқда. Уйда ҳатто ўзимиз учун ҳам байроқ қолмади", деган у.

Унинг айтишича, аҳолиси 80 миллион киши бўлган Туркия бўйлаб кейинги кунларда 10 миллионта байроқ сотилиши кутилмоқда. У бу орқали 2002 йилда Туркия терма жамоаси ЖЧ иштирокчиси бўлиб, турнир ярим финалига борганидаги кўрсаткич такрорланишини айтган.

Қайд этиш керакки, тинчлик вақтларида ҳам Туркия байроғига талаб катта бўлган. Миллий байроққа зарар етказиш ва унга ҳурматсизлик қилиш жиноятга тенглаштирилган.

"Бизда омборхонада беҳисоб байроқ бор эди, ҳаммаси тезда сотилиб кетди. Биз янгиларини тикмоқдамиз... Талаб жуда катта", деган Бурса шаҳридаги бошқа бир шундай фирма (Karanfil Bayrak) эгаси Салоҳиддин Афсар.

Давлат тўнтаришига уринишдан кейин миллий байроқларни барча биноларга осилган ҳолда ва автомобилларда ҳилпираётган алфозда кўриш бўлмоқда.

Байроқнинг бир донаси баҳоси - 3 лира (1 доллар).

"Биз ишлаб чиқаришни кўпайтирдик, лекин талабга яраша маҳсулотлар тайёрлашга вақт керак. Барча фабрикаларимиз шу иш билан банд. Туркияда ҳар бир киши байроқ сотиб олишни истамоқда", деган Aybayrak компанияси раҳбари Иззат Адар.