2016 йилнинг биринчи ярмида Андижон вилояти корхоналари 83 миллион долларлик товарлар экспорт қилди
Андижон вилоятида жорий йилнинг биринчи ярмида инвестиция дастури доирасида 58 ижтимоий соҳа объекти ва сув тармоқлари фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Вилоят корхоналари томонидан 83 миллион доллар миқдоридаги товарлар экспорт қилинди. Импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, 44 янги корхона экспорт қилувчи корхоналар сафига қўшилди. Улар томонидан 67 миллион доллардан зиёд миқдордаги товар ва хизматлар, жумладан, тўққиз турдаги янги маҳсулотлар экспорт қилинди.
Ҳисобот даврида вилоят иқтисодиётининг барча соҳаларида ўсиш таъминланди, саноат маҳсулотлари 37,3 фоиз, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 7, қурилиш ишлари 20,3, чакана савдо айланмаси 14,8, хизматлар 16,7, асосий капиталга инвестициялар киритиш ҳажми 41,3 фоиз ошди.
Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан, ҳисобот даврида 150,3 миллиард сўмлик инвестиция ҳисобидан 1 минг 283 янги лойиҳа амалга оширилди. Биргина саноат соҳасида 244 янги ишлаб чиқариш қуввати фойдаланишга топширилди. Янги лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 12 минг 700 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Йил бошидан 1 минг 94 кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Уларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 594 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўпдир. 131 тадбиркорлик субъектига тендер савдолари орқали 3,4 гектар ер майдонлари ажратиб берилди.
Жорий йилда вилоятнинг 27 қишлоқ массивларида намунавий лойиҳалар асосида қурилиши режалаштирилган 1 минг 139 уй-жойлардан 315 таси фойдаланишга топширилди.