АҚШ ҳарбий денгиз кучлари 600 млн долларлик дастурларни ноқонуний кўчирган
Немис дастурий таъминотлари ишлаб чиқарувчи Bitmanagement Software компанияси АҚШ ҳарбий денгиз кучларини судга берди. Ҳарбий денгизчилар, немис мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган дастурларни ноқонуний кўчирганликда айбланмоқда, деб хабар қилаяпти The Register.
15 июль куни Bitmanagement Software компанияси Америка ҳукумати устидан Федерал даъво судига ариза топширган. Унга мувофиқ, АҚШ ҲДК 3D-моделлаштириш дастури BS Contact Geoнинг юз минглаб ноқонуний нусхасини ҳукумат компьютерларига ўрнатган.
Bitmanagament Softwareнинг таъкидлашича, 2011 ва 2012 йилларда компания АҚШ ҳарбий денгиз кучларига дастурнинг атиги 38 нусхасини тақдим этган. Кейинроқ, ҳарбийлар 3D-тўпламини глобал даражада ўрнатмоқчи эканини айтиб, немис ишлаб чиқарувчисидан BS Contact Geoнинг нусха кўчириш ҳимоясини ўчиришни сўраган.
Музокаралар давом этиб, 2013 йили ҳарбий денгизчиларнинг IT-хизматлари (NAVFAC) ёзма равишда мазкур дастурий таъминотни кўплаб компьютерларга (558 446 дона) ўрнатмоқчи эканликларини билдирган. Bitmanagement Software вакилларининг сўзларига кўра, уларнинг маҳсулотини ноқонуний кўчириш ҳажми бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.
Гап шундаки, АҚШ ҳарбий денгиз кучлари ушбу дастурлар учун лицензияни сотиб олмаган. Компания ҳисоб-китобларига кўра, дастурнинг 558 446 марта кўчирилгани, унинг нусхаси 1067,76 доллар туриши ҳисобга олинса, умумий зарар 596 миллион 308 минг доллар бўлиши ойдинлашади, деб таъкидлаган компания ўз мурожаатида.