Спорт | 16:34 / 22.07.2016
7366
6 дақиқада ўқилади

Бразилиялик ёш футболчи учун Европанинг гранд жамоалари орасида кураш кетмоқда

Шу вақтгача Европанинг 10дан ортиқ жамоаси бразилиялик 19 ёшли футболчини ўз таркибига қўшиб олиш учун уриниб кўрди. Унга Европадан илк таклиф тушганида ҳали 18 ёшда эди. Бугунги кунда эътибор марказида бўлиб турган "Палмейрас" клуби ҳужумчиси Габриэл Жезус учун илк бор "Бенфика" оғиз солганди. Лекин португаллар ўшанда футболчининг шартномасида кўрсатилган 9 миллион еврони кўп деб ҳисоблашган. Шунингдек, "Ювентус" ва "Рома" ҳам бу футболчига қизиқиш билдирганди.

Футболчининг жамоаси билан амалдаги шартномаси 2019 йилнинг ёзига қадар. Унинг учун энди бразилияликлар 35 миллион евродан ортиқ маблағ талаб қилмоқда.

2015 йилнинг декабрида ёш иқтидорларни кузатиб борувчи "Арсенал" жамоаси вакиллари ҳам бразилияликлар билан музокара ўтказишди, лекин иш трансфергача етиб бормади.

2016 йилнинг апрелида футболчига қизиқиш янгидан уйғонди, бу сафар бирданига "МЮ", "Бавария", "Реал", "Барселона", "ПСЖ", "Ювентус" ва "Атлетико" каби жамоалар номи тилга олинди. Бу вақтга келиб футболчи Бразилия терма жамоасининг Америка Кубоги-2016 турнирида иштирок этадиган таркибига киритилганди.

Май ойига келиб Жезусни "Ювентус" қўлга киритиши аниқ бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. "Кўҳна синьоралар" жамоаси бош директори Беппе Маротта футболчи учун 20 миллион таклиф этди. Бу маблағнинг 30 фоизи клубга, 70 фоизи Жезуснинг манфаатларини ҳимоя қиладиган агентликка аталганди.

Лекин томонлар келиша олишмади ва ёзни кутишга қарор қилишди.

Қайд этиш керакки, "Палмейрас" ушбу футболчининг трансфер ҳуқуқининг учдан бир қисмига эгалик қилади, 15 фоизлик ҳуқуқ футболчининг ўзида қолдирилган, қоган қисми эса агентлар орасида тақсимланган.

Ёзнинг илк кунларида Габриэл Жезусга "Бавария" яна талабгор бўлиб чиқди. Мюнхенликлар жамоаси бошқарув кенгаши раиси Карл-Хайнц Руммениггенинг дўсти ҳисобланадиган агент Жованни Бранкини футболчини кузатиш учун Бразилияга учди ва трансфер имкониятларини ўрганди. 9 июнь куни "Бавария" жамоаси техник директори Михаэль Решке ҳам Бразилияга шу мақсадда борди ва Габриэлнинг "Палмейрас" сафида "Гремио" (4:3) ва "Фламенго" (2:1) жамоаларига қарши ўйинини томоша қилди. Бу ўйинларда Жезус биттадан гол урди.

Июнь ойининг иккинчи ярмида эса футболчига янада катта жамоалар қизиқа бошлади. Захира ҳужумчисига зарурат сезган "Барселона"нинг диққатини айнан шу футболчи ўзига қаратди.

Шу вақтда эса бошқалар ойлар давомида кузатиб келган футболчи Англияда "шаҳарликлар" жамоасининг назарига тушди. Улар бу иқтидор эгаси учун 16,7 млн фунт таклиф қилишди.

Лекин эртаси куни Габриэл "Барселона"да ўйнаш  болаликдаги орзуси бўлгани ҳақида айтиб қолди ва унинг учун курашда каталонияликларнинг имконияти яққол ошиб кетди. "Барселона"нинг таклифи 19 млн евро ва 5 млн бонус бўлди.

25 июнь. Кутилганидек, бу футболчи учун курашга энди "Реал" қўшилди. Улар 24 миллион еврони биратўла тўлашга тайёрликларини билдиришди.

Натижада, ҳужумчи "Барселона" ва "Реал"дан бирини танлаш синовида қолди.

Июль ойига ўтиб эса, камтаргина "Интер" бу футболчини "илиб кетиш"га уриниб кўрди. "Интер" футболчини сотиб олиб, "Палмейрас"да қолдиришни ва қишда Италияга олиб ўтишни таклиф қилди. Футбочи ҳам ҳеч қайси жамоага ўтмаслиги, "Палмейрас"да қолиб, совринлар учун курашни давом эттиришини маълум қилди ва қишда "Интер"га ўтишига ишора қилгандек бўлди. Лекин, томонлар шахсий шартнома бўйича келиша олишмади.

Шу кунларда кураш қизигандан қизимоқда. 19 июль куни "Манчестер Сити" бу вундеркинд учун курашга қайта қўшилди ва 5 йиллик шартномани кўзда тутувчи 32 миллион евролик таклиф жўнатди.

Марио Гётцени "Боруссия"га сотган "Бавария" ҳам унга ўринбосар сифатида айнан Габриэл Жезусни кўрмоқда ва 24 миллион евро тайёрлаб қўйган.

Бугун "Манчестер Сити"дан қолишмаган ҳолда "Манчестер Юнайтед" футболчини ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат бошлади ва бонуслар ҳам ваъда қилган ҳолда трансфер учун 35 миллион евро таклиф қилди.

Охирги хабарларда эса Габриэл Жезус "Реал"нинг таклифини қабул қилгани ва дастлабки келишувга эришгани айтилди. Мадридликлар "Палмейрас"га 30 миллион евро таклиф қилган ва футболчини мавсум охиригача Бразилияда қолдиришга рози бўлган.

Манба: Tribuna.uz