Foreign Policy: «2016 йил жуда ёмон ўтмоқда»
Дунёда юз бераётган сиёсий беқарорлик ва хунрезликлар одамларнинг яшаш тарзини оғирлаштирмоқда. Халқаро Foreign Policy журнали 2016 йилни энг ёмон ўтаётгандан йиллардан бири деб атади.
Бунга сабаб сифатида Британиянинг Европа иттифоқидан чиқиши, АҚШдаги полициячиларнинг ўлдирилиши одатий ҳолга айлангани, Ниццадаги теракт, Туркиядаги ҳарбий тўнтариш воқеалари, Россия ва НАТО ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви, журналнинг таъбирича, «бошқарувда умуман уқуви бўлмаган Доналд Трампнинг президентликка номзод бўлиши» ва шу каби бошқа воқеалар келтирилган.
Журнал ортда қолаётган йилни 1989, 1991 ва 2001 йиллардай «қизиқарли» бўлмаса ҳам жуда ҳам ёмон йил деб баҳолаган. Эътиборлиси, Яқин Шарқ ва мусулмон дунёсидаги юз берган минглаб одамларнинг ўлиб кетиши журнал наздида «ёмон йил»нинг ёмонлигига сабаб бўлмаган. Фақат Европа ва АҚШдаги воқеалар қайғули фон остида таъкидланган.