Ўзини исённинг олдини ололмаганликда айбдор ҳис қилган туркиялик зобит жонига қасд қилди
Туркия қуролли кучлари подполковниги Левен Ўндер мамлакат жануби-шарқидаги Сиирт вилояти ҳудудида ўзини ўлдирди. Вилоят маъмурияти тарқатган хабарга кўра, у ўзини давлат тўнтаришига уринишнинг олдини ола олмагани учун айбдор деб топиб, ўзига шундай жазо белгилаган.
"Махсус топшириқли 3-бригада қўмондони ўринбосари Левен Ўндернинг кейинги кунларда рўй берган воқеаларга асаблари дош бера олмай ўзини отди. У ўзини террорчиларнинг режаларини олдиндан пайқамагани учун айбдор ҳис қилган", дейилган баёнотда.
Қайд этилишича, аввалроқ бу подполковник давлат тўнтаришига уриниш иши доирасида прокуратурага гувоҳ сифатида кўрсатма берганди.
16 июлга ўтар кечаси Туркияда давлат тўнтаришига уриниш юз берди. Ҳарбийлар Анқара ва Истанбулга танклар билан кириб ҳукуматни қўлга олганини эълон қилди.
Президент халқдан исёнчиларга қарши курашда ёрдам сўради. Тонгга қадар исён бостирилди. Эрдўған бу исён ташкилотчилигида мухолифатчи Фатҳуллоҳ Гуленни айблаган.
Тўқнашувлар вақтида тинч аҳоли вакилларидан 246 нафар, исёнчилардан 108 киши ҳалок бўлган, 2 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.
Айни вақтда мамлакатда исёнга алоқадорларни қўлга олиш ишлари давом этмоқда. Шу вақтгача 10,4 минг киши қўлга олинди. Давлат органларида олиб борилаётган ялпи тозалаш ишлари доирасида 70 мингга яқин хизматчи лавозимидан четлатилди.