Жаҳон | 14:21 / 23.07.2016
8527
2 дақиқада ўқилади

Бедарак йўқолган MH370 самолёти командири сўнгги парвозини аввалдан моделлаштирган

Фото: Mohd Daud / Zuma / Globallookpress.com

Малайзиянинг Куала Лумпур шаҳридан Пекинга MH370 парвозини амалга ошираётган ва алалоқибат Ҳинд океанида йўқолган ҳаво кемаси командири фожиадан бир ой аввал, ўйидаги симуляторида самолётнинг сўнгги парвозига ўхшаш йўналиш бўйича тайёрланган, деб ёзмоқда New York Magazine журнали.

Нашр ихтиёрига ҳаво лайнерининг йўқолиши билан Малайзия полицияси олиб борган тергов ишларига оид ҳужжатлар нусхаси келиб тушган. Ушбу мамлакат терговчилари, АҚШ ФҚБсидан Аҳмад Шох Захарийнинг уй компьютеридан олинган қаттиқ дисклардаги маълумотларни тиклашни илтимос қилган. 

Америкалик мутахассислар, 5та қаттиқ дискдаги ўчирилган маълумотлар, хусусан Microsoft Flight Simulator Xнинг сеансларига оид ахборотларни тиклашнинг уддасидан чиқишган. 

Уларнинг орасидаги бир парвоз йўналиши терговчиларда шубҳа уйғотган. Симулятордаги парвоз Куала-Лумпурда бошланиб, Малакк бўғозидан ўтади ва чапга қайрилган ҳолда Ҳинд океани жануби томон йўл олади. Виртуал «парвоз» океаннинг жанубий қисмида ёқилғи тугаши билан поёнига етади. 

Ушбу виртуал парвоз билан МН370 рейсининг тахминий парвози ўртасида ўхшашликлар кўп бўлса-да, унинг параметрлари унчалик бир-бирига уйғун эмас. Хусусан, самолётнинг амалдаги парвози компьютердаги манзилга минг кмлар етмасдан тугаган. 

Шу билан бирга, қайд этилишича, учувчи уйида, шунчаки ўзига хос янги йўналишни моделлаштиришни хоҳлаган бўлиши мумкинлиги ҳам рад этилмаяпти.