Жамият | 17:35 / 23.07.2016
8724
5 дақиқада ўқилади

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Андижон вилоят Кенгашининг VII Конференцияси бўлиб ўтди

Бугун Андижон Давлат университетининг мажлислар залида “Камолот” ЁИҲ Андижон вилоят Кенгашининг навбатдаги VII Конференцияси бўлиб ўтди.

Машваратда Ҳаракатнинг Андижон вилоят Кенгаши аъзолари, маҳаллий Кенгашлар Конференцияларида сайланган делегатлар, фаол ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ҳозирги кунда Ҳаракатнинг Андижон вилоят Кенгаши ўз атрофида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 314458 нафардан ортиқ йигит-қизни ҳамда 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган 153716 нафарга яқин болаларни бирлаштирган бўлиб, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида ташкил этилган 1085 бошланғич ташкилоти мавжуд. 

Ҳаракат демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида ёшларнинг фаол иштирокини кучайтириш, мустақил фикрлайдиган, ўз ҳаётий позитсияси ва мустаҳкам эътиқодга эга бўлган авлодни тарбиялаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш ва бандлигини таъминлаш, иқтидор соҳибларини қўллаб-қувватлаш, спортни ривожлантириш ва ўсиб келаётган ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш каби муҳим йўналишларда фаолият олиб бормоқда. Андижон ёшларини бирлаштирувчи Ҳаракат ушбу соҳаларда бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ижтимоий шерикликда ёшлар учун юзлаб керакли ҳамда қизиқарли лойиҳаларни амалга оширилмоқда.

Конференцияни олиб бориш тартиби белгиланиб, ҳайъат аъзолари таркиби сайлангач, ҳисобот тақдим этиш учун сўзга Ҳаракатнинг Андижон вилоят Кенгаши раиси Элёрбек Абдуқодиров чиқиб, видеоролик шаклида тайёрланган ҳисоботни тақдим этди.

Сўнги икки ярим йил мобайнида Ҳаракатнинг биргина ёшларнинг ижтимоий фаоллигинги ошириш, уларнинг демократик-ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнини таъминлаш соҳасида ташкил этилган йирик лойиҳалардан “Ҳоким ва ёшлар” лойиҳаси доирасида 283 маротаба учрашувлар ташкил этилиб, уларда 28026 нафар ёшлар, “Ёш қутқарувчи” лойиҳаси доирасида 750 маротаба мусобақалар ўтказилиб, 13884 нафар ёшлар қамраб олинди, “Суд ва ёшлар” лойиҳаси доирасида 323 маротаба учрашувлар ташкил этилиб, 14258 нафар ёшлар “Сиз қонунни биласизми?” лойиҳаси доирасида 2364 маротаба тадбирлар ўтказилиб, унда 168275 нафар юртимиз келажаги бўлган ёшлар иштироки таъминланди. 

Маънавий-маърифий соҳада ўтказилган йирик лойиҳалардан “Биз буюк юрт фарзандларимиз” шиори остида ўтказилаган ёшлар фестивали доирасида 284 маротаба учрашувлар давомида 1224000 нафар ёшлар, “Шунқорлар” ҳарбий спорт мусобақалари бўйича 820 маротаба беллашувлар ўтказилиб, унда 42950 нафар ёшлар иштирок этган бўлса, “Ёш чегарачилар” ҳарбий ватанпарварлик мусобақалари доирасида 15530 нафар, “Фарзандлик бурчим” лойиҳаси бўйича ўтказилган тадбирларда  22356 нафар ёш авлод вакиллари қатнашдилар.

Ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш ва бандлигини таъминлаш соҳасида ўтказилган “Ёш тадбиркор — юртга мададкор”, “Менинг бизнес ғоям” лойиҳалар доирасида тадбирлар ташкил этилиб, 63955 нафар ёшлар қамраб олинди, Таълим ва мутахассислик кўргазмалари доирасида 51 маротаба тадбирлар ўтказилиб, 24975 нафар ёшлар қамраб олинди, “Бунёдкор” ёшлар мехнат ҳаракати доирасида 110 маротаба меҳнат объектларида иш олиб борилиб, 45000 нафар ёшлар қамраб олинди.

Иқтидорли ёшларнинг ижодий фаоллигини қўллаб қувватлаш йўналишида  ўтказилган кўплаб лойиҳалар -  спортни ривожлантириш ва ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан камол топтириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича ўтказилган лойиҳаларда ҳам вилоятнинг жуда кўплаб ёшлари иштирок этдилар. 

Конференция давомида Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўзга чиқиб, барча конференция иштирокчиларини яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами билан чин юракдан муборакбод этди. Ҳаракатнинг Андижон вилоят Кенгаши ҳозирги кунда вилоят ёшларининг чинакам суянчи ва таянчи бўлиб келаётгани ҳақида тўхталиб, жумладан ўтказилаётган лойиҳалар ёшларнинг орзу-интилишлари, мақсадларини амалга ошириб келаётгани ҳақида сўзлаб, барча вилоят ёшларига ўзининг самимий ишончини билдирди.

Конференцияда сўз олган Ҳаракатнинг Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Дилшодбек Қулматов вилоят Кенгашининг икки ярим йиллик фаолиятини қониқарли дея баҳолаб, Ҳаракатнинг вилоят Кенгаши  раислигига Элёрбек Абдуқодиров номзодини тавсия этди. Делегатлар бир овоздан Элёрбек Абдуқодиров номзодини маъқулладилар.

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон