Мюнхендаги отишмани уюштирган жиноятчи 18 ёшли ўсмир эканлиги маълум қилинди
Мюнхен полицияси шаҳардаги кафе ва савдо марказида отишма содир этган эркак шахсини аниқлаштирди, деб ёзмоқда Süddeutsche Zeitung. Шаҳарда бошқа отишмалар содир бўлгани ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмади.
Матбуот-анжуманида отишмани содир этганликда гумонланаётган жиноятчи эрон миллатига мансуб 18 ёшли ўсмир эканлиги маълум қилинди. Унинг ҳам Эрон, ҳам Германия фуқаролиги бўлган. Айни вақтдаги маълумотларга кўра, у бир ўзи ҳаракат қилган ва ҳужумдан кейин ўз жонига қасд қилган.
Жиноятчининг жасади савдо марказидан бир километрча узоқликда топилган.
Мюнхен полицияси раҳбари Хубертус Андре фожиа оқибатида ҳалок бўлганлар яқинларига ҳамдардлик билдирди ва бу кун унинг ҳаётидаги энг оғири бўлганини таъкидлаб ўтди. Шаҳарда ҳуқуқ-тартибот муассасаларининг 2,3 минг ходими иш олиб борган, жумладан қўшни Австриядан Cobra махсус бўлими ходимлари ҳам етиб келган.
Охирги маълумотларга кўра, отишма оқибатида 10 киши ҳалок бўлган, 21 киши жароҳат олган. Жабрланганлар орасида болалар, ҳалок бўлганлар орасида ёшлар бор. Уч нафар жабрланган оғир аҳволда қолмоқда.