Сурияга “жиҳод” учун йўл олган ўспиринлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан тўхтатилди
Дилшод Абдусаидов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 18 ёшида Россия давлатида ишлаб юрган кезларида “Одноклассники” ижтимоий тармоғи орқали “Абдуллоҳ” номли профил эгасининг саҳифасида Сурия давлатида бўлаётган ҳолатларни кўради. Яна бир сайт орқали эса бир нечта жангари роликларни, экстремистик гуруҳларнинг маърузаларини томоша қилади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.
Россия давлатидан келгач, ўзи билан яширин олиб келган экстремистик руҳдаги маърузаларнинг электрон шаклини яқин танишлари Мамаюсуф Маҳмудов, Саид Ҳотамбоев, Исоқ Розиқов, Ҳасан Йўлдошев, Шодмон Носиров ҳамда Мансур Исроиловга қўйиб беради.
Бора-бора гуруҳга М.Маҳмудов бошчилик қилади ва ўзларини “жиҳодчилар” дея номлашади. Бу кимсалар Сурияга “жиҳод” амалларини бажариш учун чиқиб кетишни режалаштиради.
Бироқ бу шахслар қабиҳ ниятларига ета олмадилар. Қилмишлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан фош этилди. Суд ҳукми билан уларга тегишли жазо тайинланди.