Спорт | 09:50 / 24.07.2016
6194
2 дақиқада ўқилади

Мутко: Ҳамдўстлик кубоги ёпилди, у ўз долзарблигини йўқотди

Россия спорт вазири ва Россия футбол иттифоқи (РФИ) президенти Виталий Мутко Ҳамдўстлик кубогининг ёпилишини эълон қилди.

"Ҳамдўстлик кубоги ёпилди, у ўз долзарблигини йўқотди. Шу билан бирга, биз Гранаткин кубогини ўтказишни давом эттирамиз", деб Мутконинг сўзларини келтириб ўтди "Советский спорт" нашри.

Ҳамдўстлик кубоги – РФИ ва ФИФА номи остида ўтувчи, собиқ иттифоқ давлатлари ёшлар терма жамоалари ўртасида ўтказиладиган мусобақа. У биринчи марта 1993 йил январда ўтказилган. 2011 йилгача мусобақада собиқ иттифоқ давлатларининг клублари иштирок этиб келган. 2012 йилдан мусобақада ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари иштирок этган.

Мусобақа МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари чемпионлари учун беллашув сифатида режалаштирилганди, бироқ турли сабабларга кўра чемпионлар ё совриндор клублар, ё Россия ёшлар терма жамоалари билан алмаштирилган. Мусобақа ҳар йили ўтказилган, у МДҲ ва Болтиқбўйининг турли давлатларида ўтказилиши режалаштирилганди. Бироқ мусобақа 1993 йилдан 2007 йилгача, 2009 ва 2010 йилда Москвада, 2008 йил ва 2011 йилдан Санкт-Петербургда ўтказилиб келинган.