Украина полицияси журналист Шереметнинг қотиллиги ҳақидаги ахборотга мукофот пули эълон қилди
Украина ички ишлар вазири Арсен Аваков полиция журналист Павел Шереметнинг қотиллигини тергов қилишда ёрдам берадлиган ахборотга 200 минг гривна қийматидаги мукофот пули тўлашини маълум қилди. Бу ҳақда "112 Украина" телеканали хабар бермоқда.
Аваков журналистнинг қоттилиги тергови билан давлатнинг биринчи шахслари, сиёсатчилар ёки жамоат арбоблари эмас, балки мутахассислар шуғулланиши кераклигини таъкидлаб ўтди.
Вазир "полицияда жамоатчиликка маълум бўлмаган ахборот борлигини, бироқ у тергов манфаати нуқтаи назаридан ошкор қилинмаслигини" айтди.
Аввалроқ Украина бош прокурори Юрий Луценко яқин орада журналистнинг қотиллигида гумон қилинаётганлар номи айтилишини маълум қилганди.
Шеремет Киевда 20 июлда автомобиль портлаши оқибатида ҳалок бўлган. Машина "Украинская правда" газетаси эгаси Алёна Притулага тегишли бўлган. Ушбу қотиллик юзасидан "Қотиллик" моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Қотиллик терговида АҚШ Федерал қидирувлар бюроси ходимлари ҳам иштирок этмоқда.