Ҳиллари Клинтон президентга айланса, Билл Клинтон Оқ уйдаги йиғилишларга киритилмайди
АҚШ президентлиги учун сайловда Ҳиллари Клинтон ғолиб чиқса, унинг турмуш ўртоғи, мамлакатнинг собиқ президенти Билл Клинтон Оқ уйдаги йиғилишларда иштирок этмайди ва Клинтон хонимнинг қарорларига таъсир кўрсата олмайди. Бу ҳақда The New York Times газетаси хабар тарқатди.
Нашр маълумотига кўра, Билл Клинтон Оқ уйдаги ҳукумат аъзоларининг доимий йиғилишларига қўйилмайди. Шунингдек, унга президентнинг Овал офиси жойлашган бинонинг (Оқ уйнинг) ғарбий қисмида ишлаш учун хона ажратилмайди.
“Ҳозирги ва собиқ президентлар орасидаги ўзаро муносабатлар жуда нозик масаладир”, дейди АҚШнинг бир неча президентлари маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Дэвид Жерген.
Унинг айтишича, Клинтон ўз рафиқасига таъсир этиш орқали президентлик давридаги тарихни қайта ёзишни истаб қолиши мумкин.
26 июль куни АҚШнинг собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон Демократик партиянинг Филадельфиядаги қурултойи чоғида демократлардан АҚШ президентлигига расмий номзодга айланди.
Клинтон мамлакат тарихида Американинг энг йирик сиёсий партияси қўллаб-қувватлаган биринчи аёл сиёсатчи бўлди.
Праймеризлар вақтида Клинтон қурултой делегатларининг зарур бўлган 2383та овозини тўплади.