Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Ислом дунёси олдидаги чақириқларга ойдинлик киритди
Мусулмон дунёси дуч келаётган асосий муаммолардан бири, четдан туриб Ислом дини обрўсини тушириш, унинг шаънини булғаш учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар, ғаламисликлардир. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Ислом ҳамкорлиги ташкилоти (ИҲТ) юқори лавозимли раҳбарларининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтаётган йиғилишида шундай фикрни билдирди.
«Ўзбекистон халқаро муносабатлар тизимининг чуқур трансформацияси ва глобаллашув жараёнининг тезкор суръатлари ИҲТ олдида янги чақириқлар ва хавфсизлик таҳдидларини пайдо қилаётганини яхши тушунади», – деган Комилов.
Бундай шароитда, вазирнинг сўзларига кўра, ҳам Ислом дунёси ичида ҳамда турли дин вакиллари, халқлар ўртасида тинчлик ва келишувга эришишда, бағрикенгликни мустаҳкамлаш, турли маданиятларни ўзаро ҳурмат қилишни кучайтиришда ИҲТнинг аҳамияти янада ошади. Шу билан бирга, ташкилотнинг можароларни тинч, сиёсий музокаралар воситасида ҳал этиш ва уларга замонавий воситалар орқали қарши туриш борасидаги долзарблиги кучаяди.
Унинг айтишича, «бугунги кунда дунёда сиёсий, иқтисодий ва гуманитар рақобат авж олмоқда. Шундай экан, ИҲТ ўз ҳудудида интеллектуал, илмий-техник ва технологик салоҳиятни кучайтириш масалаларига жиддий эътибор қаратиши лозим».
Бундан ташқари, хавфсизлик масаласи минтақа мамлакатлари билан бирга Ислом дунёсининг тараққиётига тўсқинлик қилаётган жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.
Бу масалада ҳам, Комиловнинг таъкидлашича, ИҲТ давлатлари ўзаро зиддият ва келишмовчиликларга барҳам бериб, халқаро терроризм ва экстремизм ғояларига қарши курашда саъйи ҳаракатларини бирлаштиришлари талаб этилади.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири, шунингдек, замонавий дунёнинг яна бир жиддий муаммоси - ОҚҚ (оммавий қирғин қуроли) тарқалиши муаммосига ҳам тўхталиб, расмий Тошкент «ядро қуролларидан холи ҳудудлар жуғрофияси босқичма-босқич кенгайтирилиши тарафдори эканини ҳамда Яқин шарқда ядро қуролидан ҳоли ҳудуд барпо этиш ғоясини қўллаб-қувватлашини» таъкидлади.
Ўзбекистон 1996 йилдан ИҲТ аъзоси ҳисобланади.