Туркия Қирғизистонда давлат тўнтаришига уриниш юз бериши эҳтимолидан огоҳлантирди
Туркиядаги исён ташкилотчилигида айбланаётган Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорлари томонидан Қирғизистонда ҳам давлат тўнтаришига уриниш амалга оширилиши мумкин. Бу ҳақда Туркия ТИВ раҳбари Мавлуд Човушўғлининг CNN Turk эфири орқали айтган сўзларига асосланиб, РИА Новости агентлиги хабар тарқатди.
"Агар Қирғизистонда давлат тўнтариши юз берса, буни Гуленнинг тарафдорлари амалга оширган бўлади. Улар Қирғизистон учун энг катта хавф", деган у телеканалга берган интервьюсида.
Бундан олдинроқ, Туркиянинг Бишкекдаги элчиси Метин Қилич Човушўғлининг "Гулен тарафдорлари ҳақидаги огоҳлантируви" Қирғизистон томонидан нотўғри тушунилгани" ҳақида маълум қилганди.
"Айнан Туркия Қирғизистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олганди. Айнан Туркия Қирғизистоннинг БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар учун аъзолик бадалларини тўлаб келади", дея қайд этганди дипломат.
knews.kg сайти хабарига кўра, 25 июль куни Човушўғли ўзининг қирғизистонлик ҳамкасби билан алоқага чиқиб, мамлакатдаги Гулен тарафдорларига муносабатни ўзгартириш, унга алоқадор мактабларни ёпишни талаб қилган. У акс ҳолда «Туркиянинг Бишкекка муносабати ўзгариши мумкинлиги»дан огоҳлантирган.
Туркияда 15 июль куни кечқурун ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаб олмоқчи бўлди ва Анқара кўчаларига ҳарбий техникалар олиб кирилди. Аммо армиянинг ва халқнинг асосий қисми Эрдўған ҳукумати тарафдорлари бўлиб чиқишди ва исён бостирилди.
Расмий Анқара бу исёнда Гуленни ташкилотчи сифатида атади ва АҚШдан уни топширишни талаб қилди.
Кейинги кунлар давомида Туркияда Гуленга алоқадор 2 мингга яқин хусусий мактаб ёпилди, унга алоқадорлиги гумон қилинган 15 мингдан ортиқ киши қўлга олинди ва 80 мингга яқин киши ишдан бўшатилди.