Light | 16:40 / 29.07.2016
17211
7 дақиқада ўқилади

Нима учун аввалроқ шуларни билмаганман? Стэнфорд университети муаллимидан ҳаётий маслаҳатлар

Тина Силиг Стэнфордда сабоқ беради, уни барча талабалар яхши кўришади. У олиб борадиган курс университетда жуда машҳур. Унинг Жош исмли ўғли бўлиб, Тина унинг 20 ёшлигига антиқа совға тайёрлади – у 20 ёшда ўзи билишни хоҳлаган нарсаларни жамлаб, китоб ёзди. Тез орада ушбу китоб бестселлерга айланди. Мазкур мақолада ундаги асосий ғоялар ҳақида сўз юритамиз.

 

Ҳар қандай муаммо ортида имконият ётади

Тина ўз ўғлига берган биринчи маслаҳат – ҳар қандай муаммонинг ортида имкониятни кўра билиш ва барча вазифаларга кенгроқ қараш. 

Масалан, унинг Стэнфорддаги курси қуйидагича бошланади: у жума куни талабаларни бир неча жамоага бўлиб, уларга 5 доллар солинган конвертларни топширади. Якшанба куни кечқурун уларга қандайдир стартап яратиб, ундан пул ишлаш учун икки соат вақт берилади. Душанба куни эса барча талабаларни бир жойга тўплашади. Ҳар бир жамоа бажаришга муваффақ бўлган иши ҳақида сўзлаб бериши учун 3 дақиқа вақт ажратилади. 

Талабалар қандай ғояларни ўйлаб топишади, нима деб ўйлайсиз?

Бир жамоа велосипед насоси сотиб олди ва талабалар шаҳарчасида велосипедларнинг шиналарини насослай бошлади. Бошқа бир жамоа машҳур ресторанлардаги столларни олдиндан банд қилиб, тиғиз соатларда уларни сотган. 

Ҳаммадан кўп – 650 доллар топган жамоа эса антиқа йўл тутган. Талабалар вазифаларнинг шартига янада кенг қараб, бу вазиятда энг қадрлиси – 5 доллар эмас, душанба кунги тақдимот учун ажратилган 3 дақиқа эканлигини яхши англаб етган. Улар Стэнфорд талабаларини ишга олиш истагини билдирган компанияларни топиб, уларга ана шу 3 дақиқани сотишган. Ажойиб ғоя!

 

Энг унутилмас лаҳзалар кутилмаганда рўй беради

Менежмент отаси Питер Друкер шундай деган: “Режалар ҳеч нарсага арзимайди, аммо режалаштириш бебаҳодир”. Олим Насим Толибнинг қора оққуш назарияси мавжуд. Унга кўра, ҳаётимиздаги барча яхши ҳодисалар (ва ёмон ҳодисалар) ҳам  режа асосида келмайди.

Тинанинг ҳам ишончи комилки, режалаштириш фақат ҳаракатга йўналиш кўрсатиш учун керак. 

 “Нотаниш мамлакат ёки шаҳарга қилган саёҳатингизни эслаб кўринг-чи? Қанчалик режалар тузилмасин, энг ёдда қоларли лаҳзалар кутилмаганда рўй беради: сиз бирданига қизиқ инсонни учратасиз ёки бошқа йўлга қайрилиб кетасиз, бунинг натижасида эса ўзингиз учун қандайдир янгиликлар кашф қиласиз, - деб ёзади Тина. – Мен сизларга карьерани ҳам худди саёҳатни кўзлагандек  режалаштиришни тавсия қиламан. Ўзингизга қандайдир нуқталарни белгилаб олинг, лекин шу билан бирга кутилмаган янги имкониятларга ҳам тайёр туринг”.

 

Сизни ҳар куни миллион доллар кутиб туради

Чили Университетидан Карлос Виньоло сизнинг ҳар куни уйдан кўчага чиқиб, миллион доллар топишингизга ишончи комил. Миллион доллар – метафора, албатта. Бу – дунёнинг имкониятларга тўла эканлиги, фақат уни ола билиш кераклигини билдиради. 

Уйдан ташқарига чиқар экансиз, ҳар куни қизиқарли инсонларни учратасиз, қандайдир воқеалар содир бўлади, ҳаётингизни ўзгартириши мумкин бўлган имкониятлар очилади. 

Агар сиз дунёга чўчиб қарасангиз ва ҳаётингизда юз бериши мумкин бўлган янги ҳодиса учун ёпиқ бўлсангиз, у ҳолда сиз ҳар куни миллион долларни йўқотасиз. 

 

Кенг ёпилган кўзлар билан

Art of Innovation китоби муаллифи Том Келлининг айтишича, биз ҳар лаҳзада ўзимизни бегона мамлакатдаги сайёҳ ёки эндигина дунёга келган бола каби тутишимиз керак. Атроф-муҳитмизни фаол ўрганиб чиқишимиз лозим.

Шотландия тадбиркорлик институти раҳбари Жеймс Барлоу талабалари билан қуйидаги машқларни бажаради: у талабаларини бир неча гуруҳга бўлиб, уларга 500 қисмдан иборат пазлни (расмли жумбоқ) тарқатиб чиқади. Кейин эса қайси гуруҳ пазлни биринчи бўлиб йиғишини текшириш учун таймерни ишга туширади. Бу вазифанинг сири шундаки, пазлнинг ҳар бир бўлаги орқа томонидан рақамланган. Пазлнинг рақамларини тўғри жойлаштириб, уни осонликча йиғиш мумкин. Бироқ талабалар вазифани қолганларидан олдинроқ бажаришга доир назарияларга шу қадар ўрганиб қолишганки, улар бу “арзимаган” жиҳатга кўпинча эътибор қаратишмайди.

 

Ҳаёт - жумбоқ

Ҳаёт сабоқларининг яна бири шундан иборатки, биз муайян билимларимизнинг қаерда керак бўлишини билмаймиз. “Масалан, каллиграфия курси сизга ҳеч қачон керак бўлмайди деб ўйлайсиз, лекин негадир айнан шу сизни ўзига жалб қилади, ўрганинг! Бу қанчалик оқилона тутилган йўл ёки йўқлиги ҳақида бош қотирманг”, - деб ёзади Тина ва Стив Жобснинг тарихини ёдга солади. 

Жобс коллеждан кетганида, у мажбурий фанларга бормаслиги мумкин эди. Ҳаётдан нима хоҳлашини билмаган ўсмир каллиграфия курсларига қатнай бошлайди. Кейинчалик эса у бу билимларининг ҳаёти давомида қанчалик керак бўлишини тасаввур қила олмаганини айтади. 

 

Ғоялар нимага ўхшайди

Ўзингизда ижодий фикрлаш салоҳиятини ривожлантириш учун Стэнфордда синовдан ўтган машқларни бажаришингиз мумкин. Исталган тушунчани олинг. Масалан, “ғоялар”.  

Энди эса ёзинг:

Ғоялар______________________________га ўхшайди,

чунки  ___________________________________,

шунинг учун _______________________________.

Имкон қадар кўпроқ вариантлар ўйлаб топинг, масалан:

•  Ғоялар биллур шишага ўхшайди, чунки улар ҳам шундай нозик, шунинг учун уларни асраш керак. 

•  Ғоялар кўзгуга ўхшайди, чунки улар атрофдаги барча нарсаларни акс эттиради, шунинг учун аксингиз ёқмаса, уни тепгандан фойда йўқ. 

 

Шуларни 20 ёшимда билганимда эди!

“Бу китобдаги ҳар бир бобни “Рухсат этинг” деб номлаган бўлардим. Ўзингизга тахминлар борасида баҳслашишга, дунёга янгича кўз билан қарашга, тажриба қилишга, муваффақиятсизликларни енгиб ўтишга, шахсий йўлингизни топишга  ва имкониятларингиз доирасини текширишга рухсат этинг. Аслини олганда, мен 20, 30, 40...ёшимда айнан шуларни билишни истаган бўлардим. Ҳатто ҳозир – 50 ёшдан ўтганимда ҳам мунтазам равишда ўзимга шуларни эслатиб тураман”, - дейди Тина. 

Шундай экан, кеч бўлмасдан ўзингизга янги имкониятларни кашф қилишга рухсат этиб, олдинга олға қадам ташлашни бошланг!