ФВВ Чимёнда адашиб қолган оилага ёрдам кўрсатди
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги Чимён ҳудудида ўтказилаётган "Қутқарувчилар республика кўп кураш мусобақаси" вақтида тоғдан тушишда муаммога дуч келган оилага ёрдам берилди. ФВВ сайти хабарига кўра, бу ҳодиса 27 июль куни рўй берган.
"Оилам билан тоққа чиққанда баландликка юқорилаб кетганимизни билмай қолибмиз. Оқибатда икки фарзандим билан адашиб, тоғда бир неча соат қолиб кетдик. Чорасиз қолганимни кеч тушуниб этдим. Адашиб қолганимиз бир масала бўлса, тоғдан пастга туша олишимиз ҳам даргумон эди. Шу пайт узоқдан қутқарувчиларни кўриб севиниб кетдим ва уларни ёрдамга чақирдим. Қутқарувчилар тезда етиб келишди ва икки фарзандим билан мени тоғдан хавфсиз жойга олиб тушишди. Юқоридан пастга тушар эканмиз қутқарувчилар муҳофазамизга, фарзандларим хавфсизлигига катта эътибор беришди", деган Қодиржон Дўсматов.
"Мусобақанинг навбатдаги босқичдан ўтиш учун кетаётганимизда кўз илғамас узоқликдан кимдир ёрдам сўраётганини пайқаб қолдим. Эътибор берсак, ростдан ҳам кимдир бор овози билан ёрдам сўраб, бизни чақиряпти. Зудлик билан ушбу ҳудуднинг қутқарувчилари, Тошкент вилоятининг ФВБ Тез ҳаракат қилиш махсус отрядига бу ҳақида хабар бердик. Ўзимиз эса бизни чақираётган кишини ёнига ошиқдик. Тез орада вилоят қутқарув отряди йигитлари махсус арқон, жумар, карабин ва зарур шахсий асбоб-анжомлари билан етиб келишди. Биргаликда жабрланувчиларни эҳтиёткорлик билан хавфсиз ҳудудга олиб тушдик", дейди Самарқанд вилояти ФВБ қутқарувчиси Алишер Қурбонов.
Самарқанд вилояти ФВБ бошлиғининг биринчи ўринбосари майор Георгий Смирнов, бошқарманинг Қутқарув гуруҳи командири Равшан Шарипов, бошқарма қутқарувчиси Алишер Қурбонов, ҳамда Тошкент вилояти ФВБ Тез ҳаракат қилиш махсус отряди қутқарувчилари Ҳасан Ҳасанов, Эркин Қаххоров ҳамда отряднинг йўриқчи-қутқарувчиси Равшан Мавляновлар қутқарув ишларида жонбозлик кўрсатган.