Жаҳон | 23:17 / 31.07.2016
5558
2 дақиқада ўқилади

Токио мэри биринчи марта аёл киши бўлди

Япониянинг собиқ мудофаа вазири Юрико Коикэ 31 июлда Япония пойтахти мэри лавозимига ўтган сайловларда ишончли ғалабага эришиб, Токионинг биринчи аёл мэри бўлди. 

NHK телеканалининг сайлов комиссиясига иқтибос келтирган ҳолда берган маълумотларига кўра, жорий йилда сайловларда қатнашиш 59,73 фоизни ташкил қилган,  2014 йилда бу кўрсаткич 13,59 фоизга камроқ бўлган. Сайлов натижаларига кўра, Коикэ 2 млн 912 минг овоз тўплаган.

Коикэ натижалар эълон қилингандан кейинги биринчи расмий нутқида Токио ҳукуматини ислоҳ қилиш ҳамда кексалар ва болаларни кундузги парваришлаш муассасалари етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш истагини билдирган.   

Токио мэри лавозимига умумий ҳисобда 21 номзод даъвогарлик қилди. Жорий сайлов 2011 йилдан бери Токио мэри лавозими учун ўтган 4-сайлов бўлди. Охирги икки мэр молиявий можаролардан кейин ўз лавозимидан кетганди.

Шаҳарнинг охирги мэри Ёити Масудзоэнинг июнь ўрталарида истеъфога кетишига унга ажратилган автомобилдан шубҳали фойдаланиши ҳақидаги мақолалар сабаб бўлган. Жумладан, Масудзоэ автомобилда дала ҳовлисига боргани учун танқид қилинган. Сўнгра унинг сиёсий жамғармалари маблағларидан "йиғилиш" банди бўйича оилавий саёҳатларига пул тўлангани ошкор бўлган.