Венгер: Маҳрез ва Ляказетт дейсизми? Трансферларни ими-жимида амалга ошириш керак
"Арсенал" жамоаси бош мураббийи Арсен Венгер "Лестер"дан Риёз Маҳрез ва "Лион"дан Александр Ляказеттнинг лондонликлар жамоасига ўтиш эҳтимоллари борасида фикр билдирди.
"Маҳрез ва Ляказетт? Яхшиси трансферлар расмийлаштирилмагунича - улар ҳақида кўп гапирмаган маъқул. Биз трансферлар бозорида ишлаяпмиз, қайсидир футболчининг таркибимизга ўтаётгани ҳақида муҳокама қилишни истамаймиз, бу ишимизни қийинлаштиради. Бундан ташқари, мен мавсум бошлангунига қадар марказий ҳимоячи билан шартнома тузишга умид қилмоқдаман.
Мен жамоани кучайтира оладиган футболчиларнигина сотиб оляпман. Ҳозирги пайтда қарорингни тўғри эканлигини англаш жуда муҳим. Мураббий сотиб олинаётган футболчилар учун масъулдир. Ҳозир фикрлар кўп, бозорда кўп пуллар сарфланяпти. Аммо Европада "Арсенал"ни кучайтира оладиган футболчилар кўп эмас.
Биз жамоани кучли қилишимиз керак. Ўтган мавсум премьер-лигада 18та жамоадан кучли бўлдик. Бу сафар эса 19та жамоадан кучлироқ бўлишимиз керак", - дея Венгернинг сўзларини келтиради "Арсенал" жамоаси расмий сайти.
Қайд этиш керакки, ёзги трансферлар вақтида Жейми Варди ва Гонсало Ҳигуаиннинг лондонликлар жамоасига ўтиши ҳақида кўп гапирилди, аммо бундай бўлиб чиқмади. Гранит Чака ва Роб Ҳолдинг каби футболчиларнинг трансфери эса "ими-жимида ҳал қилинди".
Манба: Tribuna.uz