Атамбаев: “Бизга нима қилишни ўргатиш керак эмас”
Алмазбек Атамбаев Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлининг Гулен тарафдорлари Қирғизистонда давлат тўнтариши содир этиши мумкинлиги тўғрисидаги огоҳлантиришига ўз фикрини билдирди. Бу ҳақда Sputnik агентлиги хабар берган.
Аввалроқ, Човушўғли Қирғизистон ҳукуматини, гўё Гулен жамғармаси томонидан молиялаштириладиган хусусий мактабларга нисбатан чора кўришга чақирган эди. Дипломатнинг қайд этишича, агар расмий Бишкек "Гуленнинг жиноий гуруҳи"га нисбатан муносабатини ўзгартирмаса, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларга совуқчилик тушиши мумкин.
Бунга жавобан Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги, мустақил суверен давлат ўзига нима яхши-ю, нима ёмонлигини ўзи ҳал қила олишини қайд этганди.
"Бу беъманилик. Шунчалик ақлли экан, нега давлат тўнтаришини пайқашмади? Албатта, биз маслаҳатларга қулоқ тутамиз ва маълумотларни текшириб кўрамиз. Аммо, бизни қўрқитиш ёки нимагадир ўргатиш керак эмас", — деган Қирғизистон раҳбари.