Спорт | 21:18 / 02.08.2016
9628
3 дақиқада ўқилади

Кўнгли ярим Достонбекнинг “Роналдуси”

Илдизлари мозийдан сув ичадиган халқимнинг ажиб қадриятлари бор. Байрам ва ҳайит кунлари меҳрга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиш каби урф-одатлар ҳам ота-боболаримиздан мерос.  

Ўтган  Рамазон ҳайити куни туманимиз бош имом хатиби Муҳаммадюсуф домла билан ёши улуғ кишилар ва ногиронлар ҳолидан хабар олиш, уларни айём билан қутлаш учун қишлоқ айландик. Ўша куни мени ҳам ана шундай савобли юмушга ҳисса қўшганимдан кўнглим тоғдек кўтарилганини эса сўз билан ифода этиш мушкул эди. Асли, турли хонадонларда бўлиб, ёши улуғ ва беморлар дуосини олишдан яхши амал бўлмаса керак. Ҳаракат аъзолари ишламай қолган ногирон фарзанд тарбияланаётган - Орифжоновлар оиласидаги  Достонбек билан бўлган суҳбат эса ёдимда қолди. 

Хонадонга кириб борганимизда, тақдир тақозоси билан ўн йилдан бери юра олмай қолган Достонбекни ҳаётдан хафа ҳолда учратсам керак, деб ўйлагандим. Ўспирин боланинг нигоҳлари ўткир, кўзи қувончдан яшнаб турарди. 

– Яратганга шукур, нолишга ўрин йўқ, дейди онаси. – Ўзимга ва боламга тайинланган нафақаларни вақтида олиб турибмиз. Кеча, Достонимни машинага ўтқазиб, Боғишамолга, истироҳат боғига олиб бордим. Андижонни гўзал жойларини кўриб роса қувнади. Бугун кайфиятини зўрлигига сабаб, кеча уни Роналдуси ютди, шунга жуда хурсанд. Футболни қолдирмай кўради, ўғлим. Жамоаси ютган куни уйимизда байрамдек гап.

Ёш Достонбек дунёдаги деярли барча чемпионатлар, унда тўп сурадиган жамоалар ва ўйинчиларни ёд билар экан. Евро – 2016 ўйинларини қолдирмай кўраётганини яна ҳар бир ўйин тафсилотларини завқ билан гапираётган болакай шу пайтда ҳеч ногиронга ўҳшамас эди. Оиласидагилар унга мўъжазгина батарейкага ҳам ишлайдиган телевизор олиб беришибди. Ёнида футбол юлдузлари суратлари жамланган фотоальбом. Эҳҳе... Унда Роналдуни суратлари бисёр, Месси, Бекҳэм, Зидан деярли барча таниқли футболчилар унга ҳар куни ҳамхона экан. 
Унга мухлислар орасидаги анъанавий саволни бераман: 

- Роналду кучлими ёки Месси? 

– Билмадим, менимча иккаласи ҳам зўр, менга чиройли футбол ёқади, - дейди у. 

Бор гап Достонбек! Аслида, футбол кучли. Бўлмаса, уни миллионлаб одам алқамаган бўларди. 

Болакай мендан жон-дили билан кутадиган термамиз ўйинлари жадвалини, Роналду иштирокидаги ўйинлар видеотасвирларини келтириб беришимни сўради. Ваъдани қуюқ қилдим. Ҳозир барчасини йиғиб юрибман. У билан –  сен билан ҳали кўп суҳбатлашамиз, дея хайрлашдим.        

Увоққина, кўнгли ярим болакайга эртанги кунни интизорлик билан кутиш, ҳаётда умидворлик билан яшашни бахш этаётган - футбол дея аталмуш мўъжизага қойил қолмай иложим йўқ эди...

 Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон.