Жаҳон | 16:37 / 02.08.2016
5747
2 дақиқада ўқилади

Туркия ва Австрия ташқи ишлар вазирлари twitter'да тортишиб қолишди

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу twitter'даги саҳифасида Европа иттифоқининг миграцион сиёсати ҳақида ёзган гаплари сабаб Австрия ташқи ишлар вазири Себастьян Курц у билан тортишиб қолди.

Чавушўғлу агар Европа иттифоқи Туркия фуқароларига ташкилот ҳудудида визасиз юриш имконини бермайдиган бўлса, қочоқлар оқимини тўхтатиш бўйича шартлашув бузилиши мумкин экани ҳақида гапирган.

Бу гапга муносабат билдирар экан Курц шундай дейди: «Мен Чавушўғлунинг ултиматумини қабул қилмайман. Европа иттифоқи кимгадир боғлиқ бўлиши керак эмас. У ўзини-ўзи ҳимоя қила олиши керак».
Чавушўғлу эса бунга жавобан «Бу ултиматум эмас, шахсий фикрим. Буни сўз эркинлиги дейдилар, дўстим Себастьян», деб изоҳ берди.

Аввалроқ Туркия ҳукумати Европа иттифоқидан мамлакат фуқароларини иттифоққа кирадиган давлатларда визасиз юришини таъминлашини, акс ҳолда Европага кирадиган қочоқлар оқимини тўхтатиш бўйича келишувни узиб қўйиши мумкин эканини таъкидлаганди. Ўтган йили Европа иттифоқи ва Туркия қочоқларлар оқимини тўхтатиш бўйича шартнома имзолашган эди. Унга кўра Туркия ташкилотдан 3 миллиард еврони санаб олиши ва эвазига Европага кириб келаётган қочоқлар оқимини тўхтатиши керак эди.