АҚШ томони Эронга ўз фуқароларини озод этиши учун пул тўлангани ҳақидаги хабарни инкор этди
АҚШ ҳукумати 4 нафар америкаликнинг озод этилиши учун Эронга 400 млн доллар миқдоридаги маблағ ортилган самолёт жўнатилгани ҳақидаги хабарни тасдиқламади. Бу маълумот АҚШ Давлат департаменти вакили Жон Кирби томонидан айтилган.
Бундан олдинроқ Wall Street Journal нашри Барак Обама маъмурияти шу йилнинг январь ойида махфий равишда турли мамлакатлар валюталаридаги қарийб 400 миллион долларга тенг маблағ ортилган самолётни Теҳронга жўнатгани ҳақида ёзганди. Манбаларда бу пуллар Эрондан 4 нафар америкаликнинг озод этилиши учун тўлангани айтилганди.
"Юборилган пуллар 1979 йили Эронга қурол-аслаҳалар етказиб бериш бўйича битимнинг бузилиши билан АҚШнинг расмий Теҳронга тўлаши лозим бўлган 1,7 млрд долларлик товон пулининг бир қисмидир", деган Кирби.
Эслатиб ўтамиз, январь ойида Эрон ўз қамоқхоналаридан тўрт нафар америкалик — журналист Жейсон Ризоён, имом Саид Абедини, ҳарбий хизматчи Амир Ҳикматий, шунингдек, Нусратулла Хусравийни озодликка чиқариб, бир неча ой олдин Теҳронда ҳибсга олинган америкалик талабанинг қўйиб юборилгани ҳақида ҳам хабар қилган эди.
Бунга жавобан Америка ҳукумати етти нафар эронликни озод қилган, шулардан олти нафари икки давлат фуқаролигига эга. Шунингдек, расмий Вашингтон Эроннинг 14 фуқаросига нисбатан Интерполга берган аризасини ҳам қайтариб олганини маълум қилган эди.