Фарзандингиз ақлли ва бахтли бўлишини истасангиз, уни эртароқ ухлашга ётқизинг
Ҳар бир ота-она фарзандининг энг яхши, энг ақлли ва энг бахтли бўлишини истайди. Боланинг соғлом, ақлли, хотиржам бўлишини ҳамда тезроқ ривожланишини хоҳласангиз, унда ушбу мақола сизлар учун.
Сиз фарзандингизни кўчадан, зиёфатлардан, концертлардан эрта чақириб олиб, уларни тезроқ ухлашга ётқизадиган ота-оналар сирасига кирасизми? Эҳтимол, атрофдагилар сизга “Нима учун болани ўз ҳолига қўймайсан?”, “Намунча эрта олиб кетдинг?” қабилида саволлар беришар. Бунга эътибор бермай, қатъий жавоб беринг: “Шундай бўлиши керак”.
Нима учун деган саволларга олимлар аниқ жавобни беришди: уларнинг фикрича, болани ўз вақтида ухлашга ётқизиш кўплаб устунликларга эга.
Агар болаларни эртароқ ухлашга ётқизилса, бу уларнинг жисмоний, руҳий ва ақлий ривожланиши учун фойдали бўлар экан.
Бундай кун тартиби ота-оналарга ҳам ёқиб тушиши, шубҳасиз. Болаларни ухлатиб, диванга ўтириб, бирорта ўзингизга ёққан фильмни томоша қилишнинг ҳам гашти бор, ахир.
Ухлашга эрта ётқизишнинг устунликлари ҳақида сўз юритишдан аввал қуйидагиларга диққат қилиш керак:
1. Баъзи оилаларга бундай кун тартиби мутлақо тўғри келмайди.
2. Бундай кун тартибига мажбурлаш нотўғри, чунки ҳар бир ота-она қандай йўл тутса, фарзандига яхшироқ бўлишини билади.
Кун тартибини ўзгартиришнинг нима кераги бор
Энг аввало шуни таъкидлаш жоизки, аксарият болалар етарлича ухлашмайди. АҚШда ўтказилган сўровномага кўра, 11 ёшгача бўлган болаларнинг 30 фоизи ҳамда ўсмирларнинг ярмидан кўпи керагидан камроқ ухлашар экан. Эртароқ ётишни тавсия қилувчи экспертларни эса ҳеч ким эшитгиси келмайди.
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, фарзандингизнинг ухлашга ётадиган вақти уйқунинг давомийлиги билан узвий боғлиқ. Бу оддий боғлиқлик эмас. Агар бола 20 дақиқага эртароқ ухлашга ётса, бу унинг 20 дақиқа кўпроқ ухлашидан далолат бермайди. Йўқ, кеч ухлашга ётадиган болаларнинг уйқуга кетиши қийин бўлади ҳамда ярим кечаси уйғониб кетишади, бу эса уйқунинг етишмовчилигини кафолатлайди.
Тадқиқотчилар 7-11 ёшли болаларнинг ота-оналаридан фарзандларини беш кун давомида бир соатга эртароқ ухлашга ётқизишни сўрашганида, уларнинг ўртача 27 дақиқа кўпроқ ухлашгани маълум бўлган.
Бироқ бу ҳаммаси эмас. Мактаб ўқитувчиларининг қайд этишларича, тажриба ўтказилаётган ўқувчилар тадқиқот давомида одатдагидек жаҳлдор ва нотинч бўлишмаган. Яна бир тадқиқотга кўра, ухлашга бир соат эрта ётган 8-12 ёшдаги болаларнинг хотираси яхшиланиб, диққати жамланган.
Шунингдек ухлашга эрта ётиш болалардаги ғазабни камайтириш, ижтимоий муносабатларни яхшилашда ёрдам беради, таянч-ҳаракат тизими фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.
Яхши дам олган болалар кам ухлайдиганларга қараганда ўзларини бошқача тутишади. Ухлашга эртароқ ётиш ўсмирларга ҳам фойда келтиради.
Олимларнинг аниқлашича, соат 22:00да ухлашга ётган ўсмирларда депрессияга мойиллик 24 фоизга кам бўлганлиги маълум бўлган.
Тадқиқот ўтказилаётган болаларнинг дунёқараши ва ўзини қандай ҳис қилиши фақат уйқуга боғлиқ эмас, албатта. Бунда ўсмирнинг ҳаёт тарзи, ота-онаси билан муносабати ҳамда руҳияти муҳим ўрин тутади.
Ҳа, айтганча, дам олиш кунлари кўп ухлаш ҳам соғлиқ учун зарар.
Тадқиқотларнинг натижасига кўра, ўсмирлар шанба ва якшанба кунлари қанча кўп ухлашса, диққатни жамловчи тестларда шунча кўп хатоликларга йўл қўйишган.
Уйқунинг давомийлиги ва моддалар алмашинуви ўртасида ҳам қизиқ боғлиқлик мавжуд. Олимларнинг маълум қилишларича, етарлича ухламайдиган кишилар ортиқча вазн тўплашга кўпроқ мойил бўлишар экан.
Бола соат нечада ухлашга ётиши керак
Бола соат нечада ухлашга ётса, яхшироқ бўлишини қандай тушуниш мумкин? Бу саволга аниқ бир вақтни айтиб, ҳамма учун бирдек жавоб бериб бўлмайди. Боланинг ёши, кун тартиби ва бошқа омилларни инобатга олиш керак. Шундай экан, бу борада тажриба қилиб, фарзандингизнинг кайфияти ва ўзини тутишидаги ўзгаришларни кузатиб, унга мос вақтни ўзингиз белгилашингиз мумкин.
Фарзандингизни бир неча кун давомида 20 дақиқа эртароқ ухлашга ётқизиб кўринг-чи. Агар бола осонликча ухласа, демак, унга ҳақиқатда ҳам кўпроқ уйқу зарур.
Бундан ташқари, бола учун энг мақбул вақтни аниқлаб олгунга қадар фарзандингизнинг смартфон ўйнамаслиги ва уйқу олдидан телевизор кўрмаслигини қатъий назорат остига олинг.
Агар бола жуда эрта уйғониб олса ёки ўзини бироз бошқача тутса, бу унинг кечроқ ухлашга ётиши кераклигидан далолат бермайди. Уйқу етишмаса, инсон организми кортизол ва адреналин ишлаб чиқара бошлайди. Шу боис боланинг уйқуга кетиши ҳам қийинлашади, ёмон ва кам ухлайди. Бундай ҳолатга дуч келсангиз, болани эртароқ ухлашга ётқизишга одатланинг.
Бу фикрлар ва таклифлар яхши, албатта. Бироқ уларни амалга оширишга келганда, маълум бир қийинчиликлар пайдо бўлиши мумкин. Боланинг янгича кун тартибига мослашиш ким учундир осон кечар, аммо қолганлар-чи? Улар нима қилиши керак? Улар болани одатдагидан 20 дақиқа аввал ухлашга ётқизишга уриниб кўришлари лозим. Ҳаттоки мана шундай кичик қадам ҳам керакли натижаларга олиб келиши мумкин.
Бундай чора қўллашнинг ҳам ўзига яраша салбий томонлари бор. Дўстларингиз ёки яқинларингиз сизни фарзандингизга нисбатан ҳаддан зиёд қаттиққўлликда айблашлари мумкин.
Сиз ўз сўзингизни ҳимоя қила билишингиз даркор: ҳамма ота-оналар ҳам болаларни эрта ухлашга ётқизмаслиги сизни ўйлантириб қўймаслиги керак. Бу мақолани ҳамма ўқимаган, ахир. Агар уни ўқиганларида эди, бунинг нақадар фойдали эканлигини англаб етган бўлишарди.