ОАВ: Археологлар қирол Артур қасри қолдиқларини аниқлашди
Археологлар Британия эпосининг асосий қаҳрамонларидан бири бўлмиш қирол Артурнинг ўрта асрга оид қаср қолдиқларини Англия жануби-ғарбида жойлашган Корнуолл графлигидан топишди. Бу ҳақда The Independent нашри ёзмоқда.
Қасрнинг қалинлиги бир метр бўлган деворларининг бузилган бўлаклари, тошдан ишланган пол қисми ва устунлари Тинтагель қишлоғида аниқланган. Бу жой Артур билан боғлиқ, деб ҳисоблашади. Олимлар қазиб олинган ашёлар V-VI асрларга тегишли эканини айтишмоқда. Бундан ташқари, бу ерда Думнония қироллигининг қароргоҳи жойлашган, деб ҳам ҳисоблашмоқда.
Қазиш ишлари олиб борилаётган жойдан кўплаб керамика ва шиша қолдиқлари топилган. Шунингдек, шароб ва зайтун мойи олиб келинган амфор қолдиғи ҳам аниқланган. Бу қаср эгалари жамиятнинг юқори вакиллари эканлигидан далолат беради.
Маълумот учун, афсоналарга кўра, британияликлар етакчиси қирол Артур V-VI асрларда яшаган. Қиролнинг тарихан мавжудлиги ҳамон ўз тасдиғини топмаган.