Таиландлик амалдор махсус сайлов қутиси сабаб уятга қолди
Таиланд Марказий сайлов қўмитаси раҳбари Срисуттиякорн Сомчай 2 август куни сайлов ўтказиш учун махсус ясалган қутиларни намойиш этди. Намойиш вақтида ана шу қути синиб қолган. Бу ҳақда Post Today хабар бермоқда.
Сайлов комиссияси вакилининг сўзларига кўра, авваллари Таиландда ўтадиган сайловларда қиймати 180 бат турадиган қутилардан фойдаланилган. Уларнинг чидамлилиги бир-икки кунга етган холос.
Махсус ўтказилган анжуманда ўн йил давомида чидаб бера оладиган махсус қути намойиши ўтказилган. Таиланд амалдорларидан бирининг сўзларига кўра, бу қутилар 100 килограммгача юк кўтара олади, 56 даража иссиққа чидамли. Шу сабаб якуний ҳисоботларгача сайлов бюллетенларини сақлаш учун қулай ҳисобланган.
Бу қутиларнинг нархи 250 бат этиб белгиланган. 50тадан 100 мингача ишлаб чиқариш назарда тутилган.
Матбуот анжуманида қутининг мустаҳкамлигини текшириб кўриш мақсадида журналист қизлардан бирини қутининг устига чиқиб туришга таклиф қилишади. Қути қизнинг оғирлигини кўтаради. Кейин сайлов комиссияси вакилларидан бири қутини полга қарата бир неча бор улоқтиради. Тўртинчи отишда қути синиб кетади.