Telegram Эроннинг оммавий хакерлик ҳужуми ҳақидаги маълумотни инкор этди
Telegram мессенжери маъмурияти ОАВнинг аккаунтларга эронлик хакерлар томонидан бузиб кирилгани тўғрисидаги хабарни рад этди. Бу ҳақида компания сайтида маълум қилинди.
“Бир гуруҳ кишилар баъзи эрон рақамларининг мессенжерда регистрациядан ўтган ё ўтмаганлигини текширган ва 15 миллион аккаунт учун буни тасдиқлаган. Натижада фақат очиқ маълумотлар тўпланган”, - дейилади Telegram хабарида. Компанияда маълум қилишларича, мессенжер телефон рақамларига асослангани туфайли истаган томон рақамнинг тизимда бор ёки йўқлигини текшириши мумкин.
Эрон ҳакерлик ҳужуми ҳақидаги маълумот
Бундан аввал Reuters агентлиги эронлик хакерларнинг дунёдаги энг ҳимояланган мессенжерлардан бири ҳисобланувчи Telegram’нинг ўнлаб аккаунтларини бузиб кирганлиги ва Ислом Республикасидаги 15 миллион фойдаланувчиларнинг рақамларига кириш ҳуқуқига эга бўлишгани тўғрисида хабар берганди.
Манба мустақил экспертлар – Колин Андерсон ва “Халқаро амнистия” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти техник ходими Клаудио Гварниери маълумотларига асосланган. “Биз Telegram аккаунтлари хавфсизлиги бузилган 12тадан ортиқ ҳолатни аниқладик”, - дейди Андерсон. Унинг сўзларига кўра, хакерлар мессенжерда эронлик ҳуқуқ ҳимочилари, журналистлар ва бир қатор амалдорларнинг ёзишмасини ўқишга муваффақ бўлишган.
Экспертларнинг тахминига кўра, мазкур вазиятда хакерлар телефон компаниялари билан келишилган ҳолда иш олиб боришган.