Тошкент вилоят Кенгашининг VII Конференцияси бўлиб ўтди
Ҳаракатнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) Конференциялари 2,5 йилда камида бир марта чақириладиган Ҳаракатнинг маҳаллий ва ҳудудий бўлимлари олий органи ҳисобланади.
Конференцияда делегатлар Кенгашнинг ўтган даврдаги фаолияти юзасидан ҳисоботини тинглаб, келгусидаги устувор вазифаларни белгилаб олади.
Шунингдек, Кенгаш аъзолари, назорат-тафтиш комиссияси таркибини, Кенгаш раиси ва унинг ўринбосарларини сайлайди.
“Камолот” ЙИҲ Тошкент вилоят Кенгаши тасарруфида 14 та туман, 4 та шаҳар Кенгаши мавжуд бўлиб, уларда 1269 та бошланғич ташкилотлар фаолият юритмоқда. Ҳаракат аъзолари сони 352209 нафарни, “Камалак” болалар ташкилоти аъзолари 168214 нафарни ташкил этади.
Жорий йилнинг 3-август куни “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент вилоят Кенгашининг VII Конференцияси бўлиб ўтди.
Вилоят Конференциясида Ҳаракат томонидан амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда бошланғич ташкилотларнинг масъулияти ва таъсирини ошириш, “оммавий маданият” ва ахборот хуружларига қарши курашишда ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш, таълим сифатини таъминлашда жамоатчилик назоратини кучайтириш, ёшларни, айниқса, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини касбга йўналтириш ва иш билан таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш, ёшлар ўртасида эрта турмуш қуришни олдини олиш, вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликларининг профилактикасини самарали ташкил этишда кўмаклашиш каби масалаларга атрофлича тўхталиб ўтилди.
Ёшларнинг ижтимоий–сиёсий фаоллигини ошириш борасида “Ҳоким ва ёшлар”, “Суд, ҳуқуқ ва ёшлар”, “Депутат ва ёшлар”, “Сиз қонунни биласизми?”, “Тафаккур синовлари” кўрик-танловлари, “Ёш қутқарувчи” мусобақаси, “Истиқлол–берган имкониятлар”, “Мустақиллик иншоотлари ёшлар нигоҳида”, “Ёшлар сиёсати: мазмун ва моҳият”, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” лойиҳалари, Ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаганлар учун тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳи ташкил этилди.
Яна бир йўналиши маънавий-маърифий соҳада ёшларни истиқлол ғояларига садоқат, она юртга муҳаббат, мамлакатимиз миллий манфаатларини ҳимоя қилишда фидокорлик ва мардлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги ёшлар фестивали, “Шунқорлар”, “Ёш чегарачилар” ҳарбий ватанпарварлик мусобақалари, “Нуронийлар” эъзозимизда, “Фарзандлик бурчим”, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” лойиҳалари, “Аждодлар мероси – келажак пойдевори”, “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси”, “Йилнинг энг фаол ёш журналисти” кўрик-танловилари ўтказилди.
Йигит-қизларни тадбиркорлик соҳасига жалб қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш учун ҳамкор ташкилотлар билан “Бўш иш ўринлари бурчаги”, “Ёш тадбиркор – тараққиёт пойдевори”, “Менинг бизнес ғоям”, “Ёш тадбиркор – юртга мададкор”, “Иқтисодчи ўқитувчи – камолотга элтувчи” кўрик-танловлари ҳамда “Тадбиркорлик билан келажак сари” мавзусида ўқув-семинарлар ўтказилди.
Конференцияда ёшларимизнинг барча қатламлари иштирокини таъминлашга, Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида илгари сурилган ғоялардан келиб чиққан ҳолда келгусидаги фаолият учун устувор йўналишларни белгилаб олишга алоҳида эътибор қаратилди.
Кун тартибига қўйилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, унга кўра “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент вилоят Кенгаши раиси лавозимига Каримов Дониёр, Кенгаш раиси ўринбосари этиб Ражаббоев Музаффар, Кенгаш раиси ўринбосари вилоят “Камалак” Болалар ташкилоти раислигига Саманова Зебо сайланди.