Фан-техника | 20:52 / 04.08.2016
4931
2 дақиқада ўқилади

Hyundai компанияси Genesis моделини ишлаб чиқаришдан воз кечди

Hyundai компанияси Genesis купесини конвейердан олишга қарор қилди. Бу ҳақда компаниянинг АҚШдаги бўлими вакили Кристин Хинли баёнотига иқтибос келтирган ҳолда Autoblog хабар бермоқда. 

"Genesis купесининг 2016 йилги модель йили бу орқа приводли спорткупе учун охирги йил бўлади. Айни вақтда Genesis премиал маркаси остида ишлаб чиқариладиган янги мукаммалроқ ва ҳашаматлироқ купе яратилмоқда", деб айтди Хинли.

Genesis модели ва шундай номдаги алоҳида марка билан чалкашлик сабабли мавжуд моделдан воз кечишга қарор қилинган. Янги купе 2017 йилдан кейин яна 5 та янги модель билан бирга пайдо бўлади. Шунингдек, янги машина BMW M4 билан рақобатлаша оладиган "қувватланган" модификация олади.

Янги купе 3,3 литрли битурбо, 6 цилиндрли, Genesis G90 седанида илк бор қўлланган двигатель билан жиҳозланади. Двигатель 370 от кучига эга бўлади ва 8 поғонали "автомат" узатмалар қутиси билан бирга ишлайди.