Немис сайёҳларининг Испаниянинг курорт шаҳридаги флешмоби теракт деб қабул қилинди
Испаниянинг Плайя-де-Аро курорт шаҳрида дам олаётганлар немис сайёҳлари томонидан уюштирилган флешмобни теракт деб қабул қилдилар. Ушбу воқеа 2 августда содир бўлди. La Vanguardia нашрининг маълум қилишича, ҳазил саросима ва тиқилинчни келтириб чиқарган, бунинг оқибатида бир неча киши жабрланган.
Матбуот маълумотларига кўра, 200 га яқин ёшлар икки немиснинг гапига кириб, кечки соат 22.00да шаҳар марказида мобиль телефонлар, видеокамералар, фотоаппаратлар ва селфи таёқчалар билан бирга гўёки бирор машҳур кишини тақиб қилаётгандек югура бошлашган. Флешмоб баланд ҳайқириқ овозлари билан ўтган.
Бироқ бу вақтда гавжум бўладиган соҳилбўйи кўчасидаги одамлар шовқинни эшитиб, шаҳарга террорчилар ҳужум қилди деган хаёлга бориб, қоча бошлаганлар. Оқибатда юзага келган саросима вақтида камида 11 киши кичик жароҳатлар олган, бир киши эса юрак хуружини бошидан ўтказган. Reuters ахборот агентлигининг маълум қилишича, камида икки киши шок ҳолатида шифохонага етказилган.
El Mundo нашрининг маълумотларига кўра, ушбу ҳолат бўйича Германиянинг 5 нафар фуқароси ҳибсга олинган ва энди жамоатчилик тартибини бузиш айби билан суд олдида жавоб беради. Эътиборлиси, ҳисбга олинганлар 20 ёшдан 25 ёшгача бўлган қизлар бўлган. Полицияда бундай қоидабузарлик учун 3 ойдан бир йилгача озодликдан маҳрум этиш ва жарима солиш жазоси кўзда тутилгани маълум қилинган.
Флешмоб гувоҳларининг ижтимоий тармоқларда айтишича, яқин атрофдаги ресторанларда овқатланаётган одамлар шовқинни эшитиб, полга ётиб, стол тагига беркиниб олганлар.
Таъкидланишича, флешмобнинг дастлабки бир неча дақиқасида "112" фавқулодда хизмат рақамига қўрқиб кетган одамлардан гўёки отишмалар янграгани ва нима қилиш кераклиги сўралиб бир неча юзлаб қўнғироқлар келиб тушган.
Тез орада Испания полицияси тревога сохта бўлганини айтиб, одамларни тинчланишга чақирган.
Франция ва Германияда содир этилган терактлар ортида одамларнинг бундай ваҳимага тушиши табиий ҳолат сифатида қабул қилинган.