ОАВда исёнчилар Эрдўғаннинг самолётини нега уриб туширмагани маълум қилинди
Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған самолёти 15 июлда давлат тўнтарувига уриниш вақтида уни нишонда ушлаб турган F-16 қирувчи самолётларида ёнилғи тугаётгани ва учувчилар қайта ёнилғи қуйишга кетгани сабабли уриб туширилмаган.
Бу ҳақда Yeni Safak ҳукумат газетаси манбаларига иқтибос келтирган ҳолда Hurriyet нашри хабар бермоқда.
Эрдўған тўнтарув бошлангандан кейин CNN Turk телеканали эфирида ўз тарафдорларини кўчаларга чиқишга чақиргандан кейин, Мармарис шаҳридан Даламанга жўнаган ва у ердан ўз самолётида Истанбулдаги Отатурк аэропортига учиб кетган.
Эрдўғаннинг парвозига тайёргарлик қаттиқ сир тутилган. Ҳар қандай самолёт ёки вертолётга қўнишга халақит бериш учун барча ёруғлик индикаторлари ўчирилган бўлган. Бу орада мамлакат ҳукуматига содиқ бўлган учувчилар давлат тўнтаруви тарафдорлари хабар топмаслиги учун самолёт, унинг мақоми ва парвоз ҳақида ҳеч қандай маълумот беришмаган.
Шунга қарамай, Эрдўған самолёти учиб ўтган ҳудуд яқинидаги ҳудудни исёнчиларнинг F-16 самолёти кузатишни бошлаганидан хабардор бўлгач, Истанбулга йўналишни ўзгартирган. Президент самолёти эҳтиёт чораси сифатида ярим соатча айланалар бўйлаб учиб юрган, сўнгра Истанбул аэропортига йўл олган.
Таъкидланишича, давлат тўнтаруви тарафдорлари Эрдўған самолётини Истанбул устида Босфор кўрфази ёнида аниқлашган. Yeni Safak фикрича, бу самолётлар айнан ўшанда Эрдўған самолёти томон йўналган, бироқ президент самолётига ҳужум қила оладиган масофага яқинлашганда уларнинг ёнилғиси тугаб қолган ва шунинг учун улар ортга қайтган.
Аввалроқ Reuters ахборот агентлиги давлат тўнтарувига уринишни қўллаб-қувватлаган иккита F-16 самолёти учувчилари Эрдўған самолётини ва унга ҳамроҳлик қилган иккита F-16 самолётини нишонда ушлаб тургани, бироқ оқибатда ҳужум қилмаганларини маълум қилганди.