Ўзбекистон | 19:51 / 04.08.2016
6230
2 дақиқада ўқилади

Жорий йил мактаб ярмаркалари учун 37,3 миллион дона ёзув дафтари етказиб берилиши белгиланган

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан мамлакатимиз истеъмол бозорини мактаб анжомлари билан тўлдириш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Жорий йилнинг 10 августидан 10 сентябригача мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мактаб ярмаркаларини ташкил этиш ишлари тегишли вазирлик ва идоралар томонидан олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ҳудудлар бўйича дафтар маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ўрганилиб, мактаб ярмаркалари учун 37,3 миллион дона ёзув дафтари етказиб берилиши белгиланган.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги корхоналар ҳамда хусусий ишлаб чиқарувчилар томонидан  44,4 миллион дона ёзув дафтари ишлаб чиқарилган. Бундан ташқари, тизимдаги корхоналар томонидан 10 августга қадар 15,5 миллион дона, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси томонидан 3 миллион донадан зиёд дафтар маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, мамлакатимизнинг турли ҳудудларига етказиб берилиши мўлжалланмоқда.

Анжуманда оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига жавоб қайтарилди.