Жаҳон | 08:38 / 05.08.2016
4896
2 дақиқада ўқилади

АҚШ F-16 самолётларини Ҳиндистонда ишлаб чиқармоқчи

АҚШнинг Lockheed Martin компанияси F-16 самолётлари ишлаб чиқарувчи бўлимини Техасдан Ҳиндистонга кўчиришни ўйламоқда, деб хабар бермоқда компания вакилига иқтибос келтирган ҳолда ҳинд ОАВлари.

Апрелда Economic Times нашри АҚШ F16 Super Viper ва F/A 18 Super Hornet қирувчи самолётларини тегишли технологиялар кўчирилгандан кейин Ҳиндистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таклиф қилганини маълум қилганди.

"Энг замонавий F-16 самолётини Ҳиндистонда ишлаб чиқаришни таклиф қилмоқдамиз. Биз Ҳиндистон F-16’нинг барча бўлғуси вариантларини ягона ишлаб чиқарувчиси бўлишини истамоқдамиз. Биз аввал ҳеч кимга бундай таклиф билдирмаганмиз", деб корпорация президенти Жорж Стэндрижнинг айтган сўзларини келтириб ўтган нашр.

Стэндриж корпорация қўшма корхона яратишга интилаётгани ва бу корхонанинг асосий эгаси ҳинд компанияси бўлишини таъкидлаб ўтган, бироқ гап Ҳиндистондаги қайси мудофаа корхонаси ҳақида кетаётганини маълум қилмаган. Стэндрижнинг айтишича, Ҳиндистонга шунингдек 5-7 йил ичида камида 100 та самолёт экспорт қилиниши мумкин.

Hindustan Times нашрининг маълум қилишича, корпорация вакиллари Ҳиндистон ҳукумати ва ишлаб чиқарувчилар билан бир нечта музокаралар ўтказган. "Муайян манфаатдорлик бўлди, бизга жўнашни айтишмади", деб компаниянинг Ҳиндистондаги вакилининг сўзларини келтириб ўтган нашр. Янги таклифга кўра, ишлаб чиқарилган самолётлар бошқа давлатларга АҚШдан эмас, балки айнан Ҳиндистоннинг ўзидан экспорт қилиниши мумкин.