Фан-техника | 14:27 / 05.08.2016
4774
2 дақиқада ўқилади

Америкалик менежер мушукларни чимдан ҳайдайдиган нейробаза яратди

Бивертонлик (Орегон штати) Nvidia менежери Роберт Бонд мустақил равишда мушукларга қарши қўриқлаш сигнализациясини яратди. У нейробаза асосида ишлаб, пуркагичлар ёрдамида чимни  ҳимоя қилади. Унинг қурилмаси ҳақида Nvidia ишлаб чиқарувчиларининг блогида маълум қилинган

Бонднинг сўзларига кўра, қўшниларнинг мушуклари унинг ҳовлисига киравериб безор қилишган. 

Лойиҳада Бонд қуйидагича қурилмалардан фойдаланган: уйнинг деворига ўрнатилган битта кузатув камераси, Jetson TX1 компьютер технологияси, пуркагичларга уланган Particle Photon Wi-Fi-модули.

Агар камера кузатув шароитида бирор ўзгариш сезса, кетма-кет етти марта суратга тушириб, уларни FTP орқали Jetson’га узатади. Jetson’да Caffe нейробазасига асосланган тизим ишлайди: у суратларда мушукнинг бор ёки йўқлигини аниқлайди. Агар мушук топилган бўлса, Photon’га сигнал узатилади ва у реле орқали пуркагичларни икки дақиқага ишга туширади. 

Бонднинг аниқлик киритишича, у фойдаланаётган тайёр нейробаза дастлаб 30 фоиз ҳолатларда мушукларни тўғри аниқлаган. Ишлаб чиқарувчи нейробазани мушукларни тўғри аниқлаши учун  қўшимча машқ қилдиришига тўғри келди: маълум бўлишича, тунда мушукларни топиш учун 50та тасвир етар экан (дастлаб 300 тасвир олинган). Бироқ, Бонд нейробазани ҳаддан зиёд кўп машқ қилдиришдан огоҳлантирди, масалан, агар мушукларнинг суратини фақат битта бурчакдан олинса, нейробаза бошқа бурчакдан олинган суратда мушукни топа олмаслиги мумкин. 

Бу Бонднинг биринчи лойиҳаси эмас. 2015 йилда у полдаги чумолини аниқлаб, унга 5 милливатт лазерни йўналтира оладиган қурилма яратган: “Улар аслида чумолиларга зиён етказмайди, шунчаки уларни безовта қилади, холос”.