Жаҳон | 14:52 / 05.08.2016
4354
1 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон бозорларидан бирида номаълум шахслар ўт очиши оқибатида 13 киши ҳалок бўлди

Ҳиндистоннинг шимоли-шарқида Ассам штатида номаълум шахслар томонидан ўт очилиши оқибатида 13 киши ҳалок бўлди ва 30га яқин киши жароҳатланди. Бу ҳақда India Today хабар тарқатди.

Полиция маълумотига кўра, бу ҳодиса штат маркази Гувахати шаҳридан 220 км масофада жойлашган Кокраджхар шаҳридаги бозор ҳудудида рўй берган.

Гувоҳларнинг айтишича, қора кийимга бурканган 3 ёки 4 киши чор атрофга ўт сочган ва граната улоқтиришган.

Айни вақтда полиция ушбу жиноятчини қидирмоқда ва ҳодиса сабабларини ўрганмоқда.

Ҳозирча бу ҳужум учун жавобгарликни ҳеч қайси ташкилот ўз зиммасига олмади.

Штат полицияси Мукеш Сахай телеканал эфирида айтишича, полициячилар ҳудудга кириб келган айирмачилар ҳақида маълумот олгач, уларнинг баъзиларини бартараф этган, қолган қисмини қидираётганди.