Жаҳон | 18:33 / 05.08.2016
4295
1 дақиқада ўқилади

Истанбул собиқ губернатори давлат тўнтариши ҳаракатида айбланиб, ҳибсга олинди

Истанбулнинг собиқ губернатори Ҳусайин Авни Мутлу Туркияда давлат тўнтариши қилишда айбланиб, суд томонидан ҳибсга олинди. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар бермоқда.

Агентликнинг суд манбасига таяниб хабар беришича, 2010-2014 йилларда Истанбулда губернаторлик қилган Мутлу Фатҳулла Гулен ташкилоти билан алоқаси борликда гумонланган. Собиқ губернаторнинг ўзи буни инкор этмоқда, у қўзғолонни Twitter’да муҳокама этганини маълум қилмоқда. Агентлик маълумотларига кўра, Мутлунинг уйи тинтувдан ўтказилганида у ердан Гуленнинг иккита китоби топилган. Собиқ губернаторнинг фикрича, китоблардан бири ўғли ёки келинига тааллуқли.

Мутлу билан қўшиб юқори мансабли тўққиз нафар амалдор ҳибсга олинган. Улар ичида музофот губернаторлари ҳам бор. Аммо ҳозирча уларнинг исм-шарифи ойдинлаштирилмаган.