Жаҳон | 22:54 / 05.08.2016
5267
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ва Туркия савдо ҳажмини 10 млрд долларгача етказмоқчи ва террорчиликка қарши саъй-ҳаракатларни бирлаштирмоқчи

Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги савдо ҳажмини 10 млрд долларгача етказиш режалаштирилмоқда, деб маълум қилди Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашувдан кейин. 

Назарбоев Эрдўған билан музокаралар натижаларига бағишланган қўшма матбуот-анжуманида ўтган йили қабул қилинган "Янги синергия" қўшма иқтисодий дастурининг муҳимлигини таъкидлаб ўтди.  

"Бизнинг вазифа ўзаро товар айланмаси ҳажмини 10 млрд доллагача етказишдан иборат. Дастур доирасида умумий қиймати 813 млн долларлик 20 та инвестицион лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Туркия ривожланган инфратузилмага эга бўлган муҳим транзит давлати эканлигини ҳисобга олиб, мен биродар турк халқини "Нурли Жол" дастурини амалга оширишда иштирок этишга таклиф қилдим", деб айтди Назарбоев.

Назарбоев шунингдек Қозоғистон-Туркия индустриал ҳудудларини яратиш муҳим роль ўйнашини таъкидлаб ўтди.

Қозоғистон ва Туркия шунингдек террорчиликка қарши биргаликда курашишга келишиб олдилар. 

"Глобал чақириқлар ва таҳдидлар ўсаётган ҳозирги вақтда Қозоғистон ва Туркия дунё хавфсизлиги ва барқаролигини таъминлаш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга тайёрлар. Шу муносабат билан биз 21-асрнинг бош оғриғи бўлган террорчиликка зарба беришга келишиб олдик. Шунингдек, давлатларимизнинг ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда", деб айтди Назарбоев.