Миср A321 самолётидаги терактнинг тахминий ташкилотчисини йўқ қилганини маълум қилди
Миср ҳарбийлари ИШИДнинг Синай яриморолидаги бўлими "Ансор Байт ал-Мақдис" гуруҳининг етакчиси Абу Дуо ал-Ансорийнинг йўқ қилинганини маълум қилдилар. Бу ҳақда Миср мудофаа вазирлиги хабарида айтилди.
Таъкидланишича, жангари Ариш шаҳри яқинидаги авиазарбалар давомида йўқ қилинган.
Миср мудофаа вазирлигида авиазарбалар давомида ИШИДнинг 45 жангариси ҳамда қурол-аслаҳа ва ўқ-дорилари йўқ қилингани маълум қилинди.
Ал-Ансорий Шарм-ал-Шайх — Санкт-Петербург йўналиши бўйича рейс амалга оширган ва Миср осмонида фалокатга учраган Airbus 321 самолётидаги терактнинг тахминий ташкилотчиси ҳисобланади.
Аввалроқ РИА “Новости” ахборот агентлиги АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Жон Бреннан самолётни "Ансор Байт ал-Мақдис" жангарилари портлатганларини маълум қилганди.
Самолёт Синай яриморолида 2015 йилнинг 31 октябрида қулаб тушган. Самолётдаги барча йўловчилар ва экипаж аъзолари ҳалок бўлганлар.