ОАВ: АҚШнинг Туркияга нисбатан сиёсати унинг Россия билан яқинлашишига олиб келмоқда
Август ойининг биринчи ўн кунлигида Санкт-Петербургда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан учрашуви бўлиб ўтади. Бу, Анқаранинг Москва томон бурилишини англатади, дея фикр юритади Foreign Policy журнали.
Икки мамлакатнинг қайта яқинлашишига сабаблар кўп. Бироқ, асосий сабаб Сурия президенти Башар Асад позициясининг тикланишидир, деб ҳисоблайди мақола муаллифи. Аввалроқ, у Россия-Туркия муносабатлари яхшиланишига тўсиқ бўлиб турган бўлса, ўтган йилнинг ноябрь ойидаги бомбардимончи самолёт билан боғлиқ ҳодисадан сўнг, шундоғам ҳавас қиларлик бўлмаган алоқалар янада таранглашди.
Сўнгги вақтларда, Суриядаги вазият тубдан ўзгариб, Россия-Эрон юриши Туркияни шимолдан тўсиб қўйди, деб ёзади журнал. Эндиликда эса, Ҳалабдаги муваффақиятли амалиётлар сабаб, Асад ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб бораётганини Эрдўған ҳам инкор эта олмайди.
Шунга кўра, Асад муаммосини бир четга суриб қўйган Эрдўған, Россия билан муносабатларни боши берк кўчадан олиб чиқишга уриниб, ўзи учун муҳим бўлган соҳаларда Россиянинг қўллаб-қувватлашига эришишга ҳаракат қилади. Масалан, у Курдистон ишчи партияси ҳамда бир пайтлар ўзига яқин бўлган «Демократик иттифоқ»га барҳам бериш ниятида. Бунинг учун, уларни халқаро ҳамжамият кўмагидан мосуво этиш лозим. Айниқса, минтақанинг йирик кучлари Россия ва Эрон томонидан ёрдам кўрсатилса, айни муддао.
Муаллифга кўра, Петербургда бўлажак учрашувда икки давлат раҳбари ўртасида ўзига хос келишув бўлиши эҳтимол: Россия Анқаранинг бош оғриғига сабаб бўлаётган партияларни қўллаб-қувватлашдан воз кечади, бунга жавобан Туркия Асаднинг ҳаракатларига кўз юмади.
Туркиядаги ҳарбий давлат тўнтаришига уриниш Анқарани тобора ғарбдан узоқлаштириб, Россияга яқинлаштирмоқда. Чунки, Путин Туркиянинг тозалашларига қаршилик кўрсатган ва Анқаранинг НАТОдаги аъзолиги билан таҳдид қилган Америка ҳукуматидан фарқли равишда Эрдўғаннинг ҳаракатларини танқид қилмади.
Эндиликда, АҚШ Туркияни Россия билан яқинлашишдан ушлаб туриш учун нафақат ИШИД муаммосини эътиборга олиши, балки Туркиянинг Суриядаги стратегик манфаатларини ҳам тушуниб етиши ҳамда Эрдўғанни танқид қилавермаслиги лозим.
Америка ҳукумати, Туркиянинг демократик йўл билан сайланган ҳокимиятини жаҳон афкор оммаси кўз ўнгида қўллаб-қувватлаши, норасмий мулоқотларда Туркия етакчисини тозалашларда бирмунча бағрикенг бўлишга чақириши мақсадга мувофиқ. Ғарбнинг бугунги кунда Туркияга нисбатан илгари сураётган нуқтаи-назари, уни нафақат НАТОдаги асосий иттифоқчисидан маҳрум этиши, балки Анқарани Россия қучоғига қўшқўллаб топшириши ҳам эҳтимолдан холи эмас.