Туркиялик амалдор: Назарбоев - бизни оғир паллаларда қўллаган илк президент бўлди
Туркия бош вазири ўринбосари Туғрул Туркешнинг қайд этишича, бугун Туркияга расмий ташриф билан борган Нурсултон Назарбоев турк халқини оғир паллаларда қўллаб-қувватлаш учун келган илк президент бўлди. Бу ҳақда "Казинформ" хабар берган.
«Нурсултон Назарбоев билан ҳар сафарги учрашув самарали кечади. 15 июль воқеаларидан кейин у бизни қўллаб-қувватлаш учун келган илк хорижлик сиёсатчи раҳбар бўлди. Бўлиб ўтган воқеалардан кейин ҳам унинг муносабати ўзгаришсиз қолди ва бу биз учун катта кўмакдир», деган Туркеш.
Вазир ўринбосари Қозоғистон ва Туркия қўшни давлатлар бўлмасада, икки давлат қалин алоқалар ўрнатганини таъкидлаган.
«Кейинги вақтларда савдо алоқаларида пасайиш кузатилди. Бу иқтисодий инқироз билан боғлиқ. Ҳозир биз фақат тайёр маҳсулот сотамиз. Энди бирлашишимиз ва қўшма корхоналар орқали ишлаб чиқаришни йўлга қўйишимиз мумкин. Қозоғистонда бунинг учун кенг имкониятлар мавжуд, қолаверса георграфик жойлашув қулай. Ахир бу мамлакат Хитой ва Россияга қўшни», дея қайд этган Туркеш.
Бугун Қозоғистон президенти Туркияга ташриф буюрди ва Эрдўған билан учрашди.