Ўзбекистонга газсиз минерал сувнинг кириб келиши қандай кечган
“Корзинка” супермаркетлари раҳбари Зафар Ҳошимов ўзининг Facebook’даги саҳифасида Ўзбекистонга газсиз сувларнинг кириб келиш жараёнини хотирлайди. У 1994 йилда рўй берган воқеани ёдга олади.
“Англияда ўқишни тугатиб, Тошкентга қайтаётганимда самолётда яқиндагина очилган UzBAT компаниясининг британиялик ходими менга ҳамроҳ бўлди. У бизнинг крандаги сувимизга ишонмаслигидан шикоят қилиб, ўзи билан бирга чой ва кофе дамлаш ва (диққат!) тишларини тозалаш учун икки чемодан газсиз сув олиб кетаётганини айтди. Кейинчалик мен деярли барча экспатлар шундай қилишини билдим. Ўшанда менда биринчи марта Европанинг газсиз сувини ПЭТ қадоқда Ўзбекистонга келтириш ғояси пайдо бўлганди. Ўша йилнинг ноябрь ойида биз Франциядаги Roxane манбасидан Cristaline сувларининг илк контейнерини олиб келдик”, - дейди тадбиркор.
Ҳа, бу мамлакатимиздаги илк минерал газсиз сув тижорат партияси эди. Ўша пайтда Зафар Ҳошимовнинг дўстлари ва қариндошлари унинг нима учун “сув қувурида тайёр оқиб турган оддий сув”ни келтирганига ажабланишган. У пайтлар минерал сув деганда фақат газли сув тушунилар эди.
Тадбиркор Франциядан келтирилган газсиз минерал сувининг илк сотувларини “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг 16-қаватидаги ресторанида ҳамда ҳозирги Тата меҳмонхонасининг қаршисидаги Иверсон дўконида йўлга қўйган. Улар дастлаб синов учун бир неча қути олиб қолишган, лекин икки ҳафта ўтибди ҳамки, улардан дарак бўлмаган.
Тадбиркор бундан бироз хафа бўлиб турган вақтида Иверсон дўконидан икки киши келиб, яна 800 қути ярим литрлик минерал сув сотиб олишларини айтишган. Бу деярли 10 000 бутилка ёки контейнернинг ярмидан кўпроғи деганидир. Уларни харид қилган дўкондорлар икки ҳафтадан кейин яна шунча тайёрлаб қўйишни сўраб кетишган. Икки ойдан сўнг сотувлар ойига 20 контейнергача ўсди.
“Бироқ бу бизнес узоққа чўзилмади, - дейди Зафар Ҳошимов. – 1995 йилнинг бошида Андижонда биринчи маҳаллий газсиз минерал сув Тянь-Шань бренди остида ПЭТ бутилкаларда ишлаб чиқарила бошлади. Менинг шахсий фикримча ҳамда хорижликларнинг фикрича, бу минерал суви ажойиб эди. Cristaline сувининг муваффақияти Тянь-Шань сувини ишлаб чиқаришга таъсир кўрсатганига ҳали-ҳануз ишонгим келади”.
Бу шунчаки қуруқ гаплар эмас, албатта. Атрофдаги инсонларнинг гапларига эътиборли бўлинг, зеро улардан тўғри хулоса чиқариб, ўзингиз учун бирор янгилик кашф қилсангиз, ажаб эмас. Омадли инсонларнинг бу каби ибратли ҳикоялари ёшларга тўғри йўл кўрсатиши шубҳасиз.