АҚШда июнь ва июль ичида аввалги 8 ойдагидан кўпроқ суриялик қочқин қабул қилинди
АҚШ 2016 йилнинг июнь ва июль ойлари ичида аввалги 8 ойдагидан деярли 2 баробар кўпроқ қочқинлар қабул қилди, деб маълум қилди АҚШ Давлат департаментининг қочқинларнинг аризаларини қайта ишлаш маркази маълумотларига иқтибос келтирган ҳолда Fox News.
Таъкидланишича, 2015 йилнинг октябридан 2016 йилнинг майигача АҚШ умумий ҳисобда 2805 нафар суриялик қочқинни қабул қилган. Бу орада 2016 йилнинг июнь ва июль ойларида 4721 нафар қочқин қабул қилган.
АҚШ суриялик қочқинларни 2015 йил октябридан қабул қилишни бошлаган. Мамлакат президенти Барак Обама бу қарорни ижобий қабул қилган, бироқ ҳамма штатлар ҳам бунга бирдек муносабат билдиришмаган, улардан баъзилари суриялик қочқинларни қабул қилишдан бош тортган.
АҚШ республикачилари Обамани бундай қарор учун танқид қилишган ва суриялик қочқинларни қабул қилишни чегаралашни талаб қилишган.
АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трамп айни вақтда АҚШга қочқинларни қабул қилишни чеклаш кераклигини, чунки улар орасида террорчилар бўлиши мумкинлигини кўплаб айтиб келади. Трамп сурияликларга бошқача йўллар, мисол учун, Сурияда хавфсиз ҳудудлар қуриш билан ёрдам бериш кераклигини айтган.