Хитойда 13 ёшли ўсмир қўшнисиникига ўғриликка тушиш вақтида 3 болани ўлдирди
Хитойнинг Гуанси-Чжуан автоном туманида 13 ёшли ўсмир қўшнисининг уйини тунаш вақтида унинг 4 ёшдан 8 ёшгача бўлган 3 боласини ўлдирди, деб хабар бермоқда South China Morning Post газетаси.
Beijing News газетаси маълумотларига кўра, фожиа 18 июлда Шицяо қишлоғида юз берган. Ўсмир қўшниси йўқ бўлганда унинг уйига кирган. Ўсмир уйда қолган уч бола – 4 ва 8 ёшдаги икки қиз ва 7 ёшдаги бир болани кўчага олиб чиқиб, улардан ота-оналари уйда қаерда пул сақлашларини айтишни талаб қилиб, уларга таҳдид қила бошлаган. Болалар қўрқиб кетиб, йиғлай бошлашган. Бундан ўсмир саросимага тушиб, болаларни ўлдирган ва уларнинг жасадини қудуққа яширган.
Шундан кейин ўсмир велосипедда қўшни Гуандун вилоятига қочиб кетган. У бу ерда 25 июлда полиция томонидан ушланган. Нашр маълумотларига кўра, ўсмир ўз айбини тан олган.
Нашрнинг таъкидлашича, ўсмир оилада 2-фарзанд ҳисобланади. Уни онаси ташлаб кетган. У 6-синфдан мактабдан кетган ва Гуандун вилоятидаги заводда ишлаб юрган. Бироқ у май ойида заводда ишлашдан чарчаб, ўз қишлоғига қайтиб келган.
Маълум қилинишича, ўсмир 14 ёшдан кичик бўлгани сабабли қилмиши учун жиноий жавобгарликка тортилмаган. Хитой қонунларига кўра, жиноий жавобгарлик 14 ёшдан бошланади. 2 августда ўсмир Наньнин шаҳрига 3 йиллик мажбурий қайта тарбияланишга юборилган.