63 йил бирга яшаган жуфтлик бир неча дақиқа фарқ билан ҳаётдан кўз юмди
Айтишларича, муҳаббат дунёдаги энг қудратли куч экан. Буни Жанубий Дакотада 63 йил бирга яшаб ўтган жуфтлик мисолида кўришимиз мумкин.
Узоқ йиллар бирга умргузаронлик қилган Ҳенри ва Жанет Де Лэнж 31 июль куни қариялар уйида бир хонада 20 дақиқа фарқ билан ҳаётдан кўз юмишган.
Жанет Де Лэнж 87 ёшда бўлиб, у маҳаллий вақт билан соат 5:10да оиласи даврасида вафот этган. У кўп йиллар Альцгеймер касаллигидан азият чеккан. Фарзандлари унинг жуда хотиржам кўз юмганлигини айтишди.
Ҳенри Де Лэнж 86 ёшда бўлиб, у простата саратонига чалинганди. Онасининг вафотидан сўнг ўғли "онамиз самога учиб кетдилар", дея отасига хабар қилган. 20 дақиқа ўтгач, соат 5:30да Ҳенри Де Лэнж ҳам жон берган. Фарзандларининг сўзларига кўра, отаси ўлимидан аввал кўзларини очиб, онасига қараб қўйган ва ҳаёт билан видолашган.
Бу узоқ йиллар бирга яшаб, бир кунда ҳаётдан кўз юмган илк жуфтлик эмас, албатта.
Шу йил ёз ойларининг бирида 58 йил бирга яшаган жуфтлик - Жорж ва Ора Ли Родригеслар ҳам бир неча соат фарқ билан оила даврасида қўлларини маҳкам тутган ҳолда ҳаёт билан видолашишган.