Жаҳон | 09:07 / 09.08.2016
8293
2 дақиқада ўқилади

Бенгазидаги ҳужумда ҳалок бўлган икки америкаликнинг ота-онаси Хиллари Клинтонни судга берди

Ливиянинг Бенгази шаҳридаги АҚШ элчихонасига 2012 йилдаги ҳужум вақтида ҳалок бўлган тўрт америкаликдан иккиси – элчихонанинг дипломатик хизмати бўлими ходими Шон Смит ва собиқ ҳарбий Тайрон Вудснинг ота-онаси Хиллари Клинтонни судга берди, деб хабар бермоқда Fox News.

Ҳалок бўлганлар яқинлари даъво аризаларида Клинтонни ўғилларининг ўлимига олиб келган қонунга зид ҳаракатларда, туҳмат қилиш ва маънавий зарар етказишда айбламоқдалар.

Бундан ташқари, ҳужжатда Клинтоннинг ўз электрон почтасидан фойдаланиши Смит ва Вудснинг ўлимига олиб келгани тахмин қилинган. Даъво аризасида шунингдек Клинтоннинг хизмат ёзишмаларида ўз почтасидан фойдалангани жангариларнинг "элчи Кристофер Стивенснинг қаерда эканлигини" билишларига ёрдам бергани мумкинлиги таъкидлаб ўтилган.

Бенгази шаҳридаги АҚШ элчихонасига ҳужум 2012 йил 11 сентябрда содир этилган. Ҳужум оқибатида АҚШ элчиси Кристофер Стивенс ва элчихонанинг 3 ходими – Шон Смит, Тайрон Вудс ва Глен Догерти ҳалок бўлганди. 

14 апрелда АҚШ президенти лавозимига Демократик партияда ўтган дебатларда Клинтон АҚШ Давлат котиби бўлганда АҚШнинг Ливиядаги ишларга 2011 йилда аралашувидан кейин юзага келган тартибсизлик учун жавобгарликни ўз зиммасидан соқит қилган. "Қарорни президент қабул қилган", деб айтган Клинтон ва фақатгина разведка учун жавоб берганини қўшимча қилган. Унинг айтишича, Обама унинг гапларига ҳар доим ҳам қулоқ солавермаган. 

15 март куни Клинтон Бенгазидаги ҳужум қурбонларини ёдга олмай, АҚШ Ливиядаги кампания вақтида бирорта одам йўқотмаганини айтган.