“Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун жамиятни ахборотлаштиришни кенгайтиришга замин яратмоқда
2016 йил 10 июндан кучга кирган “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун жамиятни ахборотлаштиришни кенгайтириш, халқимиз ҳаёт даражаси янада юксалишига замин яратмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Давлат божхона назоратининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситаларининг божхона назоратини амалга оширмоқда. Уларга доир ҳужжатлар ва маълумотлар киритилиши, ҳисобга олиниши ҳамда мониторинг қилиниши шу тизим орқали амалга оширилмоқда.
Божхона иши, қоида тариқасида, ахборот-коммуникация технологиялари асосида амалга оширилаётир. Юридик ёки жисмоний шахслар, шу жумладан, чет эллик шахслар божхона ишида бошқа давлат органларининг ахборот тизимлари билан ўзаро ҳамкорлик қилувчи божхона органларининг ахборот тизимларидан фойдаланиши мумкин. Божхона ишида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.
Божхона органларининг мансабдор шахслари манфаатдор шахсларга божхона иши масалалари ва божхона органларининг ваколатларига кирадиган бошқа масалалар юзасидан маслаҳат берганда ҳам электрон усулдан фойдаланиш имкониятига эга. Аниқроқ айтганда, божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан маслаҳат бериш божхона органлари жойлашган ерда ва уларнинг иш вақтида амалга оширилади. Божхона органлари томонидан маслаҳат бериш оғзаки, электрон ёхуд ёзма шаклда бепул амалга оширилади.